Режиссер Зулфиқор Мусоқов Ўзбекистон Президентига очиқ хат ёзди. У ўз мурожаатида “Ўзбеккино” раҳбари Ф. Абдуҳолиқовнинг ишидан норози эканлигини билдирган.
Мусоқов Абдуҳолиқовнинг олдига қўйилган вазифаларни амалга ошира олмаётганини таъкидлади. Бундан ташқари, режиссер “Ўзбеккино” раҳбари ўз ишининг профессионалларини ишдан бўшатиб, кинога алоқаси бўлмаган одамларни олиб келаётганини айтди.
“Ушбу ишга ўзини баҳшида қилган одамлар турли сабабларга кўра ишдан бўшатилди. Агентлик раҳбари санъатни бизнесга айлантирмоқчи. Фильм съемкалари олдига силжимаяпти. Агенлик раҳбари фақатгина тақдимот қилишни билади (энг ачинарлиси, бундай тадбирларнинг кўпи карантин вақтида ўтказиляпти). Кинога алоқаси йўқ одамлар юқори даражадаги режиссерлардан 1,5-4 баравар кўп маош олади”, – дейди Мусоқов.
Режиссер унинг мурожаати Президентгача етиб боришига ишонмаслигини таъкидлаган. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мусоқов уни давлат раҳбари билан учрашишга йўл очиб бермаётганини айтган эди.