Актриса Суғдиёна Азимова ўзининг инстаграмдаги саҳифасида бундан бир йил олдин юз берган ЙТҲ видеолавҳасини эълон қилди, дея хабар қилди EVERYDAY.UZ мухбири.
Актриса видеонинг изоҳида ўша ЙТҲда айбдор бўлган йигит ҳалигача зарарни қопламаганини маълум қилди. Азимова суд қарорига кўра айбланувчи 70 млн сўм тўлаши керак бўлганини, лекин айбдор ҳалигача ушбу пулни бермаётганини ёзган.
“Инфляция ҳисобига мен ҳар куни ютқазяпман”, – дейди актриса.
Шунингдек, актриса суд қарори ижросини таъминламаётган МИБ ҳақида ҳам ёзган. Азимова Жиззах вилояти Бахмал тумани МИБ ходимлари ушбу ҳолатга беписандлик билан қараганини билдирди.
“Минг афсуски, ҳар қўнғироқ қилганимда эрта, индин, деган гапни такрор эшитаман. Тўғриси, бунақа ҳаққимни ундириб бера олмаётган, биз ишонган бу давлат ташкилотига нима дейишни ҳам билмай қолдим”, – дея қўшимча қилган Азимова.
Актриса қолдирган постида айбланувчига ҳам тўхталиб ўтган. У айбланувчи воқеа жойидан қочиб кетганини ёзган. Азимованинг ёзишича, судда судья айбланувчидан нега қочиб кетдинг деб сўраганда у каттароқ жойга ишга кирмоқчи бўлганини, бунинг учун унда “ЧП” бўлиши керак эмаслигини билдирган.
“Жамиятимизда бунақа кадрлар ростдан ҳам керакмикин? Ҳозирда айбланувчи Тошкентда ишлаяпти. Майли, зўр экан Ўзбекистон Республикаси қонун ва қарорларидан ҳам қўрқмайдиган бу ‘қора ботир’, тарбия қилган отаси ва сут берган онаси аёл кишининг ҳаққидан қўрқмасмикин”, – дейди актриса.
Азимова қиз бола эмас, балки ўғил бола бўлиб дунёга келганда айбланувчи билан “бошқача гаплашган бўлар эдим”, дея ўз постини якунлаган.
Суғдиёна Азимова автоҳалокат қандай содир бўлгани ҳақида аввалроқ гапириб берган эди.