Актриса Раъно Шодиева Ютюбдаги «Мирсодиқова билан» каналига интервью берди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Шодиева интервью давомида актрисалик унинг иккинчи касби эканини, биринчи мутахассислиги аслида конструктор дизайнер эканини маълум қилди. Актриса шунингдек, суҳбат давомида Сенат раиси Танзила Норбоева ҳақида гапириб, у билан муносабати ҳақида тўхталди. Шодиева Норбоева унинг устози эканини ва бир неча йиллар давомида Норбоеванинг шахсий дизайнери бўлганини айтди.
“Бу соҳадан кетганимдан кейин афсуски Танзила опага ҳеч нарса қилиб бера олмадим. Ҳали ҳам ўзимни кечира олмаяпман. Яқинда кўришганимизда ҳам кўйлак, костьюмлар тикиб берсанг бўлар экан деб қолдилар. Кейин мен Туркияга кетиб қолдим ва бу илтимосларини бажара олмадим”, – дейди актриса.
Раъно Шодиева Сенат раиси унга жуда катта ёрдам берганини ҳам таъкидлаб ўтди. Актриса ўзининг хайрия лойиҳаларини амалга оширишда Норбоева тўғри йўл кўрсатганини ва хатто моддий ёрдам берганини ҳам алоҳида таъкидлади.
Актриса шунингдек, келажакда ўзининг асосий соҳасига яна қайтишини, шоурумини очиш нияти борлигини айтди. У ерда қиммат бўлмаган кийимлар сотилиши маълум қилинди.