Ижтимоий тармоқларда блогер Дониёр Қаюмов ЙПХ ходими билан жанжаллашгани акс этган видео тарқалди. Видео телеграм каналларда эълон қилинди.
Видеода блогер машинани жарима майдончасига олиб кетмоқчи бўлган инспектор билан гап тортишаётганини кўриш мумкин. Малибу автомобили тонировкага рухсатнома йўқлиги учун майдончага юборилган.
Қаюмов жанжаллашиш давомида ҳуқуқ тартибот органларининг имижини ошириш йўлида видео олганини ва шу сабабга кўра у жазоланмаслиги кераклигини айтган. Блогер конфликт давомида қуйидаги гапларни айтган: “Сизлар совуқда ишлаётганингизда бу ҳақда видео олдим. Бунақа қилиш керакмас, мен ҳаммасини тушинтирдим, ҳозироқ тонировкани олиб ташлайман. Мен икки кундан кейин бу машинани сотиб юбораман, одам бўлиб қолиш керак”. Ходимлар блогер номига баённома расмийлаштиргандан сўнг у ер думалоқ эканини ва уларга нисбатан танқидий видеолар олишини айтган.
Таъкидлаш жоиз, Қаюмов ўзининг сўнгги видеосида “ГАИ” ходимларидан қўрқмаслигини ҳазил тариқасида айтган. Ушбу видеода инспектор ролида Аҳад Қаюм иштирок этган.