Ижтимоий тармоқларда “Замминистрнинг иккинчи хотини” номли фирма очилгани ҳақида маълумот тарқалди. Фирма шу йил сентябрь ойида очилган.
Дарё нашрининг ёзишича, “Замминистрнинг иккинчи хотини” МЧЖ актриса Мадина Эшонқуловага тегишли. 22 декабрь куни кескин муҳокамалардан сўнг фирма номи “Paido low calorie drink” номига ўзгартирилган.
Актриса унинг МЧЖси кийимлар савдоси билан шуғулланишини айтган. Эслатиб ўтамиз, Мадина Эшонқулова ЙПХ ходими билан бўлган можародан сўнг машҳурликка эришди. Шу йил август ойида актриса ЙПХ ходимига ўзини замминистрнинг иккинчи хотини дея таништирган видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалди. Кейинчалик қизнинг ҳеч қайси вазир ўринбосари билан муносабати йўқлиги аниқ бўлганди.