Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари учун “Соғлиқни сақлаш вазирининг стипендиялари”ни таъсис этиш тўғрисида”ги буйруқни имзолади, дея хабар бермоқда ЎзА.
Мазкур буйруққа кўра, мамлакатимиздаги тиббиёт олий таълим муассасаларининг ҳар бири томонидан кўрсатилган беш нафаргача номзод стипендия олиши мумкин. Ушбу стипендия муддати бир йил.
Мамлакатда сараланган номзодлар учун танлов ўтказилади ва уларни саралаш танлов бошланишидан бир ой олдин бошланади. Тегишли эълон матбуотда эълон қилинади.
Номзодларнинг ҳужжатлари вазирликнинг Фан ва таълим бошқармаси томонидан кўриб чиқилади. Тасдиқланган стипендия эгаларига вазирнинг буйруғи асосида Ибн Сино номидаги давлат стипендияси миқдорига тенг 574 948 сўм стипендия тайинланади.