Сурхондарё вилояти ЙҲХБ постида автомашина салонида гўшт олиб ўтишга уринилди, деб хабар беради Сурхондарё вилояти ИИБ матбуот хизмати.
Воқеа Сурхондарё вилоятидаги “Дарбанд” ЙПХ постида содир бўлган. Кобальт русумли автомашинани тўхтатиш ва автомобил салонини кўздан кечириш чоғида Ангор-Тошкент йўналиши бўйича олиб ўтилаётган 218 килограмм гўшт маҳсулотлари аниқланган. Автомобилни 20 ёшли йигит бошқарган. Ҳайдовчи бу гўшт маҳсулотларига ҳужжатларни тақдим эта олмади.
Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Жамоатчилик тартибини муҳофаза қилиш бошқармаси ва вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси Карантин тадбирларини таъминлаш бўлими ходимлари томонидан кейинги иш юритиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Унинг натижаларига кўра тегишли жазо тайинланади.