Раҳбар, олим, инсон...

Раҳбар, олим, инсон...
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, тарих фанлари доктори, таниқли археолог олим, профессор Мавлон Жўрақулов хотираси

Самарқанд давлат университетининг яқин тарихида улуғ олимлар, забардаст раҳбарлар ўтган. Уларнинг ҳар бири муқаддас даргоҳимиз ривожи, тараққиёти йўлида муҳим ўрин тутади, албатта. СамДУ учун қўйилган ҳар бир ғишт, унинг юксалиши учун ташланган ҳар бир қадам биз учун азиз ва мўътабардир.

Мен Мавлон Жўрақулов ҳақида ўйлаганимда кўз олдимда сокин аллома, донишманд раҳбар, меҳр-оқибатли инсон намоён бўлади. Домла жуда бағрикенг, сермулоҳаза, андишали, маданиятли инсон эди. Бизда шундай бир қусурми, иллатми бор: бу ўзидан кейинги раҳбарларга салбий муносабатда бўлиш.

1989 йилда мен Самарқанд архитектура ва қурилиш институтида, Мавлон Жўрақулов эса СамДУ да ректор эди. Ўша йиллардан бошлаб бизнинг ўртамизда самимий муносабатлар ўрнатилганди. У киши ўз тажрибалари билан ўртоқлашар, Самарқанд вилоятидаги олий ўқув юртлари ректорларининг оқсоқоли ҳисобланарди.

Раҳбар, олим, инсон...


1999 йилга келиб СамДУ га ректор бўлганимда Мавлон Жўрақуловнинг оқилона маслаҳатлари ва таклифлари менга жуда қўл келган. Англаганим, домла бутун умри ўтган Самарқанд давлат университетини жуда яхши кўрар экан. У киши университетдаги ҳар бир ўзгаришни, яхшиликни хурсандчилик билан кутиб оларди. Ўз навбатида салбий ҳолатларга муросасиз ҳам эди. Домла ҳаётини университетсиз тасаввур қила олмасди. У киши сўнгги нафасигача университет ҳақида ўйлади.

Мавлон Жўрақулов СамДУ талабалигидан то ректорлигигача бўлган шарафли йўлни босиб ўтди. Шундан бўлса керак, у киши университет ҳаётини жуда яхши тушунар, биларди. Ректорлик йилларида, домла университетни моддий-техник базасини яхшилаш, ўқув бинолари қурилиш ишларида ҳам жонбозлик кўрсатган, ўзидан олдинги ҳамкасбларига ўрнак бўладиган ишларни қилган. Балки касб тақозосидир, домла СамДУ тарихининг ҳақиқий билимдони эди.



Ҳалоллик, тўғрисўзлик, адолат томонда туриш, ҳақиқатни айтиш у кишининг фазилатлари ҳисобланарди. Университет илмий кенгашларида домла таклиф ҳамда мулоҳазаларини билдирарди. Жамоада, қолаверса, вилоятимизда, республикамизда Мавлон Жўрақуловнинг ўзига хос ўрни бор эди.

Устоз аллома Самарқанд давлат университетида археология фани ва мактаби шаклланишида ҳам жуда муҳим ўрин тутган. Шунингдек, Самарқанд вилояти археологик обидаларини ўрганиш, уларни илм-фанга маълум қилиш борасида ҳам домла ибратли ишларни амалга оширган. СамДУ қошидаги археология музейи асосчиси профессор Давид Лев Мавлон Жўрақуловнинг устози бўлган. Домла устози ишларини давом эттириб, музей экспонатлари янада ортишига муносиб ҳисса қўшган.

Олим томонидан яратилган илмий ишлар нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда ҳам тан олинган, эътироф этилган.

Мавлон Жўрақулов масъулиятли лавозимларда ишлашига қарамасдан, жуда камтарин инсон эди. Ўзи ҳақида эмас, кўпроқ ўзгалар ҳақида ўйларди. Яхшилик қилиш, эътибор ва эъзоз кўрсатиш у кишининг ҳаёт фалсафасига айланганди.

Мавлон Жўрақулов шогирдларига жуда кўп ғамхўрликлар қилганини биламиз. Бу борада домла кўпчиликка ўрнак.

Қадим Самарқанд тарихининг ҳақиқий билимдони, ҳассос олим Мавлон Жўрақуловдан жуда кўплаб илмий асарлар, илмсевар шогирдлар, қобил фарзандлар қолди. Халқимиз билиб айтган: “Яхшининг чироғи ўчмайди”. Яхшилик аждодлардан авлодларга ўтади. Кўп кузатганман, баъзи бир раҳбарлар лавозимини топширгандан кейин ўзи ишлаган даргоҳга боролмайди. Жамоадошларининг кўзига қаролмайди. Мавлон Жўрақулов Самарқанд давлат университетида жуда катта ҳурмат, обрў-эътибор қозонганди. У кишини университетда энг кичик лавозимда ишлайдиган оддий одамдан тортиб, то энг катта олимларгача иззат қиларди. Домланинг айтган гапи, кўпчиликка маъқул келар, бутун жамоа у кишини қўллаб-қувватларди.

Мен Мавлон Жўрақулов билан бирга ишлаганимдан, замондош бўлганимдан, у кишидан кўп фазилатларини, раҳбарлик сирларини ўрганганимдан фахрланаман.

Бугун домла орамизда жисман бўлмаса-да, хотирамизда, қалбимизда абадий яшайди. Домланинг фарзандлари СамДУ тарих факультети декани, профессор Дилфуза Жўрақулова, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати, доцент Шоҳрух Жўрақуловлар бугун университетимизда фаолият кўрсатиб, оталари бошлаб берган улуғвор ишларни дадил давом эттиришмоқда. Инсон учун бундан ортиқ бахт борми?

Самарқанд давлат университети маъмурияти домланинг 90 йиллигини муносиб ўтказиш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар дастурини белгилаган. Унда асосий эътибор Мавлон Жўрақулов ҳақида замондошлари хотираларини тўплаб нашр этиш, домланинг илмий меросини ўрганиш, татбиқ этиш, нашр этиш кабиларга қаратилган. Шунингдек, олим бир умр фаолият кўрсатган археология кафедрасига ёдгорлик лавҳаси ўрнатиш ҳам кўзда тутилган. Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашига Мавлон Жўрақулов хотирасини абадийлаштириш бўйича ҳам таклифлар киритилади.

Мавлон Жўрақулов том маънодаги тажрибали раҳбар, фидойи олим ва энг асосийси, яхши инсон эди. Менинг назаримда, яхши инсон эди, деган рутбадан олийроқ ҳеч нарса йўқ. Мана шу эзгуликлар авлодларга ҳам ўтишини Яратгандан сўраймиз. Домлани Аллоҳ раҳматига олсин. Жойлари жаннатдан бўлсин.

Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Шароф Рашидов номидаги
Самарқанд давлат университети ректори,
профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Раҳбар, олим, инсон...