Пайшанба куни ўзбек чегарачилари Қирғизистоннинг уч фуқаросини отиб ўлдирган. Бу ҳақда “Интерфакс” хабарига таяниб Репост нашри маълумот берди.
Ҳодиса Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ала-Бука тумани Актам қишлоқ маъмуриятига қарашли Добо-Қўрғон ҳудудидаги қирғиз-ўзбек чегарасининг участкасида содир бўлган. Ўзбекистон чегарачилари уч нафар фуқарога қарши қурол ишлатган.
Оқибатда уч нафар қирғизистонлик яраланиб, вилоят касалхонасига етказилган. Улар ўқ жароҳатларидан вафот этган.
Қирғизистоннинг Ала-Бука йўналишидаги чегара вакили зудлик билан Ўзбекистоннинг Янгиқўрғон йўналишидаги чегара вакили билан учрашув ўтказди.
Томонлар ички текширувлар натижаларига кўра учрашувни 6 май куни давом эттиришга келишиб олдилар. Воқеа юзасидан ҳамкорлик қилувчи органлар ҳам хабардор қилиниб, тергов ҳаракатлари бошланган.