Тошкент шаҳридаги 21-сонли Меҳрибонлик уйи ўқувчилари митинг уюштиргандан сўнг директори ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Репост.узга Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 21 апрел куни ушбу меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳамширага қарши митинг уюштирган эди. Улар уни бинога киритмасликка ҳаракат қилишган.
Қайд этилишича, Юнусобод тумани прокурори бошчилигидаги ишчи гуруҳ Меҳрибонлик уйи фаолиятини текширган.
Текширув давомида муассасадаги носоғлом ва қониқарсиз аҳвол туфайли тарбияланувчилар норозилик акциясига чиққани маълум бўлди. Шу сабабдан 26 апрел куни Меҳрибонлик уйи директори билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Шунингдек, тергов давомида муассаса мансабдор шахслари ва моддий жавобгар шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида катта миқдордаги пул маблағлари ўғирлаб кетилгани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан 16 май куни Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириб юбориш ёки ўзлаштириш йўли билан ўғирлик), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 207-моддаси (хизмат ваколатини бепарволик) билан жиноят иши қўзғатилган.