“Адабиёт ҳаётга таълим беради”

“Адабиёт ҳаётга таълим беради”
Махсус Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати учун
Диққат янги рукн: Қалб ва қалам


Таниқли ижодкор, эл ардоғидаги шоир,“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири, “Яшил гиёҳ”, “Атиргул”, “Сиз эртага келасиз”, “Кечиккан тонг” “Аталган кунлар” “Дарз” каби китоблар муаллифи Салим Ашур “Қалб ва қалам” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони.
Суҳбатдошимиз шеър ва шоирлик, илоҳий истеъдод жилвалари ҳақида самимий дил сўзлари билан ўртоқлашди.


-Бугун ижодингизда янгиликлар борми? Шеърият ихлосмандларига қайси асарларингизни туҳфа қилиш ниятидасиз?

-Айни пайтда “Мангу эл” китобим нашр этилиш арафасида. Мактаб пайти, ўқувчилик даврим, синфдошларим, устозларимни эслаб “Дийдор дарси” деб номланган шеърий тўплам тайёрладим. Ушбу туркумдан бир шингилни “Шарқ юлдузи” журнали 5-сонида чоп этишни мўлжаллаган. Яна латиш шоири Ояр Вациетисдан таржималар қиляпман. Уларни матбуотда эълон қилиш режамда бор.

-Шеър нима?

-Шеър – шоир қалбнинг борлиқ билан, илоҳ билан муомала йўли, муносабат воситаси. Унинг шакли, усул ва услублари чексиз. Фақат уларни топиш, кашф этиш керак. Шеър – қалб ўчоғида пишган ишқ маҳсули, ишқдан асар.

- Сизнингча, илҳом илоҳийми, шоирлик-чи?

-Илҳомда ҳам, шоирликда ҳам илоҳийлик бор. Шеър ёзилаётганда шоир шеърни эмас, шеър шоирни етаклаб кетади. Шоир икки куч – Илоҳ ва шеър ўртасида воситачига айланади, холос. Шоир – дунёни изтироб орқали англайди. Шу ўринда шеър ўқиб бермоқчиман:

Шоир ёдида ҳайқиради шеър:
сағир ва яғир ҳаётни,
изтироб ва уқубатни,
орзулар ва армонларни,
юрагини,
муҳаббатини,
хотирасини
ёддан ўқийди,
шу боис сўзидан адашмайди,
сўзини йўқотмайди
шоир.

Болалик тилга киради,
тилга киради ёшлик.

Эътиқод сўз олади,
ҳайқиради Кураш.

Шоирларни отган ўқлар,
шоирларни кесган қиличлар,
шоирларни осган дорлар,
тарих олдида,
виждон олдида
дудуқланади.

Шоир Шеър ўқийди.
Сўздан адашмайди.
Сўзни йўқотмайди.

Шоир ўқиган китоблар,
китобларга даржланган маслак ва матлаб,
шоир юрагини илитган офтоб,
шоирнинг қонини қиздирган шароб,
тириклик қафасида маҳкум ҳаёт,
ҳаёт қафасида маҳкум тириклик,
ўққа, қиличга, дорга ундаган хитоблар,
шеър ўқийди.
Уларга қарши шоир жонини тиккан Ватан,
шоирни қурбон қилган халқ,
ҳайқиради – шеър ўқийди:
Вознесенский,
Евтушенко,
Белла Ахмадулина,
Ўлжас Сулаймон,
Усмон Азим... бўлиб.

Алдоқ, сотқинлик, хиёнат,
ёвузлик ва риё
шеърнинг тилига тушмайди.

Шоир юрагида ошуфта булбуллар,
жилға ва сойлар,
шоир осмонидан ўтган ойлар,
шеър бўлиб чулдирайди, чуғурлайди.
Ирғишлаб ўйнаган қўзилар, тойлар,
заминга ботиб кетган қишлоқлар,
қалъалар, саройлар, мамлакатлар
шеър бўлиб оқади бўғиздан.

Ошиқ ва маъшуқ
шеър ўқийди,
қушлар сайрайди –

энг қадим сўзларнинг акс-садолари.

Қисмат ва хотира
сўздан ҳам, йўлдан ҳам адашмайди сира.

Дарё ва ўрмонларни,
денгиз ва океанларни,
осмон ва юлдузларни,
шеър ҳаракатга келтирмоқда, тўлдирмоқда.

Бутун борлиқ шеърга айланади.

Шоир ўқимайди шеърни...
Шеър ўқимоқда шоирни...


Шоир – ҳаётнинг қўшиғи, у шеър ёзаётганида ҳам, ёзмаган пайтида ҳам жаранглаб туриши керак.

- Салим Ашурни шоир қилган омиллар?

- Ҳаёт, болалик, соғинч ва муҳаббат. Болалигим табиат билан ҳамнафасликда кечган. Қишлоқда катта бўлганмиз. Менга ўхшаган одамлар учун Ватан – қишлоқ ҳаётидан, халқ – ота-онадан бошланган. Дунёнинг яхши одамлари сафига қўшилишга интилганмиз. Шунинг учун китоблар ўқиганмиз. Баъзида шеър ёзганмиз. Тун-кечаларни бедор ўтказган пайтларимиз ҳам бўлган. Менимча, инсон бахтли, бахтсиз онларида ҳаётни севса, ҳаётнинг қувонч ва изтиробларини қалбидан ўтказса, кўнглида ҳасрат бўлса, шеър ёзмаса ҳам, шоир бўлади.

- Биринчи шеърингиз қандай мавзуда бўлган?

-Матбуотда эълон қилинган биринчи шеърим: 7-синфда эдим, туман газетасида “Қушча қўшиғи” сарлавҳали машқим босилган. Кейинги синфларда ўқиётганимда шу газетада бир қанча шеърларим, новеллаларим, ҳикояларим чиққан. Улар, албатта, оддий машқлар эди. Қалам машқларда чархланади.
Рухсат берсангиз, фурсатдан фойдаланиб туманимизнинг ўша пайтдаги газетаси ва унинг жамоасига самимий ташаккуримни изҳор этаман.

- Ҳар бир ижодкорнинг ўз қалам чархи бўлади, дейишади. Сизнинг қаламингизни чархлаган чарх нима?

- Инсон бошидан ўтказган кунлар, кўнгил кечинмалари ва ижодий меҳнат чархлайди. Шеър билан, умуман адабиёт билан йўл-йўлакай, бўш пайтларда, “ишдан кейин...” шуғулланиб бўлмайди. Адабиёт, ижод тўла фидойиликни талаб қилади. Агар шундай бўлмаса, натижа ҳам шунга яраша - ўртамиёна бўлади. Мен қаламни қалб қийноғи чархлайди, деб ўйлайман.

-Кўпгина шеърларингизда ёрга нисбатан “сиз” деб мурожаат қиласиз. Бунга сабаб нима?

-Қофия учун бўлса керак-да... Менингча, муҳими “сен” ёки “сиз”да эмас, мурожаатнинг самимиятида.
-Кўп қалблардан жой олган “Юрак товуши” шеърингизнинг яратилиш тарихи ҳақида сўзлаб берсангиз?
-Кунлардан бир куни тасаввурга берилдим: Агар кишининг яхши дўсти бўлса-ю, у қайтмас бўлиб узоқ юртларга кетиб қолса, уни ўйлаб, эслаб қандай шеър ёзиш мумкин? Ва шу шеър ёзилди.

-Шоир Салим Ашур ҳаётда ва ижодда ўз ўрнини топдими?

-У ҳаётда, ижодда ўрин қидирмайди. Шунчаки яшайди...

- Насрда ҳам қалам тебратиб турасиз. Бунга нима сабаб бўлади? Шеър ижодкор айтмоқчи бўлганларини ёзишга торлик қиладими?

-Шеър торлик қилмайди. Бунга ёзилган достонлар, шеърий романларни мисол қилиб келтириш мумкин. Фақат айрим мавзулар ўзи насрда оқиб келади. Фақат уни бус-бутун ҳолда тутиб қолиш керак.

- Шоир сифатида ўзбек шоирларидан кимларнинг ижодини кузатиб борасиз?

-Умуман, адабиётни кузатаман. Табиийки, тўла қамрашнинг иложи йўқ. Янги китобларни ўқийман. Баъзан эски китобларни қайта ўқийман. Мумтоз адабиётимизни такрор-такрор ўқиш керак, деб ўйлайман. Тенгдошларимиз, устозларимиз, укаларимизнинг яхши шеърларини ўқисам ҳаяжонланаман. Жаҳон адабиёти – уммон. Унгаям шўнғиб туриш керак.

- Бугунги замон одамларининг адабиётга муносабати сизни қониқтирадими?

-Одамлар ҳамма нарсани ҳам ўзларига керагича оладилар, ундан ортиғини олмайдилар...

- Келажак адабиёти, шеъриятини қандай тасаввур қиласиз? Унда бугунги ёш шоирлардан кимларни кўрасиз?

-Келажак адабиёти сунъийлик ва сохталикдан, маддоҳлик ва ёлғондан қутилиб боради. Бунинг учун ҳаётнинг ўзи бу нарсалардан қутилиши керак. Адабиёт ҳаётга таълим беради.

- Бугунги Салим Ашур ҳаётда ва адабиётда ўз ўрнини тўла-тўкис топа олдими?

-У ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ўз ўрнини қидиради. Топадими, топмайдими, бир нарса дейиш мушкул.

- Ҳаётда нимадан қўрқасиз?

-Очликдан, ёлғизликдан, омадсизликдан қўрқаман...

- Очликдан?.. Менингча, бу уч ҳолат ҳам сизни четлаб ўтади?

-Четлаб ўтмаган, шунинг учун қўрқаман. Менингча, ҳамма ҳам ҳаётда бу уч ҳолат билан юзма-юз бўлади. Ўз маъносида ҳам, кўчма маънода ҳам шу нарсалардан қўрқаман. Халқимизда “кўзи оч” деган ибора бор. Ана шундай кўзи очлардан, қалби очлардан, руҳи очлардан қўрқаман. Ён-атроф тўла одам, лекин улар орасида ёлғизланиб қолишдан қўрқаман. Омад эса... Улуғ шоир Абдулла Ориповнинг шундай ҳикматли сатрлари бор:

Омад деганлари дунёда бор гап,
Бу ерда ҳар қандай хурофот бекор...


Омаддан мосуво қилмасин. Парвардигор меҳрибон бўлмаса, бандасининг уринишлари беҳуда кетаверади ёки самараси кам бўлади.

- Ўтган умрингизни сўзларда тасвирлаш керак бўлса, қандай жанрдаги асар яралган бўларди?

-Чамамда, болалик, ўсмирлик – сочма, эртак; ёшлик – сарбаст, драма; кейинги давр – роман, достон...

-Якуни қандай бўлади?

-Якуни шеър бўлгани қизиқроқ...

-Юртимизнинг ҳар бир вилоятида ўзига хос адабий муҳит мавжуд. Сиз Самарқанд адабий муҳити ҳақида нималар дея оласиз?

-Самарқанд “рўйи замин сайқали”, юртимизнинг кўҳна пойтахти, буюк тарихга эга жаҳоншумул шон-шуҳратга эга шаҳар. Самарқанд давлат университети – мамлакатимиздаги энг биринчи олий ўқув юртларидан. У Ўзбекистонда илмий-ижодий соҳаларнинг ривожи учун мустаҳкам пойдевор бўлган. Ўтган асрнинг йигирманчи-ўттизинчи йилларида фан ва таълим, адабиёт ва санъатнинг энг иқтидорли намояндалари шу қутлуғ даргоҳда сабоқ олишган. Ботир Валихўжаев, Нуриддин Шукуров, Муслиҳиддин Муҳиддинов каби устоз-олимлар, Нусрат Раҳмат, Хосият Бобомуродова, Фармон Тошев сингари адибларнинг бетакрор ижоди туфайли Самарқанд адабий муҳити бугунги кунда мамлакатимиздаги энг етакчи адабиёт мактабларидан бири бўлиб қолмоқда. Кечаги ва бугунги адабиётимизнинг қиёфасини яратиб бераётган Омон Матжон, Нодир Жонузоқ, Ориф Тўхташ, Воҳид Луқмон сингари кўплаб шоир ва ёзувчилар Самарқанд адабий муҳитидан катта адабиётга учирма бўлишган.

Суҳбатдош Ирода БЕКМУРОДОВА
Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати ходими

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » “Адабиёт ҳаётга таълим беради”