Самарқанд давлат университети биология факультети магистри Маҳлиё Турдимуродова қўй сути ва унинг фойдали жиҳатлари бўйича тадқиқот олиб бормоқда. Илмий раҳбари СамДУ доценти Баҳриддин Бозоров.
Тадқиқотчининг Россия, Қозоғистон, Ҳиндистон, АҚШ каби давлатларнинг нуфузли журналларида ўнга яқин мақолалари нашр этилган. У Республика олимпиадасида 3-ўринни қўлга киритган.
- Қўй сути сигир сутига нисбатан анча фойдали. У холестерин даражасини пасайтириш, суякларни мустаҳкамлаш, иммунитетни ошириш, ўсиш ва ривожланишни яхшилаш, туғма нуқсонларни олдини олиш, яллиғланишни камайтириш ҳамда саратон хасталигига қарши курашиш каби фойдали жиҳатларга эга, - дейди Маҳлиё Турдимуродова. - Бундан ташқари қон босимни пасайтиради. Қўй сути баъзи минтақаларда, хусусан, Исроил, Бразилия, Нидерландия каби давлатларда истеъмол учун асосий манбага айланган. Қўй сутидан пишлоқ, йогурт ва турли хил ичимлик олишда ҳам кенг фойдаланилади.
Қўй сути оқсил, углеводлар, фойдали ёғлар, муҳим минераллар ва витаминларга бой ҳисобланади. Қўй сути таркибидаги А ва Э витаминлари танадаги антиоксидантлар бўлиб, заҳарли токсинларни излайди ва уларни организмдан йўқотиб юборади. Бунинг натижасида сурункали касаллик ва стрессларнинг бошланишини олдини олади. Яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, Э витамин терининг саломатлигини таъминлаш учун ҳам хизмат қилади. Қўй сути таркибидаги оқсил, бошқа ҳайвон сутидаги оқсил миқдорига қараганда кўп бўлади. 100 грам сутда 5,4 гр. оқсил бор…
Қўй сути сигир сутига нисбатан 1-1,5 баробар витаминларга эга экан. Шунинг учун ҳам қўй сути сигир сутига қараганда осон ва тез ҳазм бўлади.
Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.