Эътироф
Петри Райво, Финляндия ректорлар кенгаши раисининг ўринбосари, Карелия университети ректори:
-Бугун илк марта Самарқандга келиш бахтига муяссар бўлдим. Ўзим тарихчи бўлганлигим боис бу афсонавий шаҳар менда ажойиб таассурот қолдирди. Амир Темур мақбараси, Регистон мени жуда мафтун этди. Самарқанд тарих ва келажак шаҳри. Самарқандни агар уч сўз билан таърифлашни сўрасангиз: қадимий, гўзал ва илм-маърифат шаҳри... деган бўлар эдим.
Самарқанд давлат университети жуда катта ва кўп тармоқли университет сифатида эсда қоладиган бўлди. СамДУ нинг археология ва зоология музейидаги экспонатлар бебаҳо, бетакрор, ажойиб. Университетнинг ўзида бундай музейларнинг бўлиши нақадар яхши.
Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовнинг фикрлари менга жуда ҳам маъқул бўлди. Биз тез тил топишдек. Биргаликда профессор-ўқитувчилар ва докторантлар алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш юзасидан келишиб олдик. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган, Самарқанд давлат университетининг Ўзбекистон Финляндия педагогика институти истиқболи ҳақида фикрлашдек.
Ўзбекистонни ёрқин келажак кутмоқда. Келажак мамлакатида бизнинг ҳам ўз ўрнимиз бўлишини хоҳлаймиз. Карелия университети албатта Самарқандда қолади. Дунёни шундай чиройли ва тарихий шаҳрида яшаш ва ишлаш бу улкан бахт.
Финляндия таълим тизимини Ўзбекистонда жорий қилиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Бугун бутун дунёда мамлакатларнинг табиий бойликларига эмас, балки таълим ва тафаккур оламига қараб баҳо берилмоқда. Финляндия асосан ўрмон ва кўллардан иборат. Беш ярим миллион аҳолимиз бор. Лекин Финляндия таълим тизими кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортади.
Финляндияда боғчадан бошланадиган таълим ва тарбия муболағасиз бир умр давом этади. Финляндияда таълимнинг бирор бир бўғинида бўшлиқ йўқ. Бир-бирини тўлдиради, бойитади. Таълим танқидга асосланган бўлиши лозим. Ўшанда тараққиёт бўлади.
Финляндияда таълим ҳамма учун бир хил. Биргина мактаб таълимини олиб қарайлик. Ҳеч бир ота-она боламни мана шу мактабга бераман, чунки ўқитиш яхши, деб айтишига асос йўқ. Шаҳарнинг нариги чеккасидаги мактабга фарзандини ташимайди. Бунга ҳожат йўқ. Таълим ҳамма жойда, ҳамма учун бир хил. Биринчи навбатга таълимга бўлган муносабатни ижобий томонга ўзгартириш керак.
Бизда нафақат олий таълим, балки ўрта махсус таълим ҳам кучли ва тўғри йўлга қўйилган, деб ҳисоблайман.
Финляндияда қайси фан ўқитувчиси бўлишидан қатиъй назар педагогика бўйича қайта тайёрланади. Фанини яхши билиши мумкин, лекин бу етарли эмас. Педагогиканинг ўз талаб ва қоидалари бор. Ўқитувчилик бу аввало, бошқарув. Ўқувчини эркин фикрлашга йўналтириш.
Бугунги дунёда инновацион халқ бўлишга интилиш керак. Бу давр талаби. Тўхтаб қолмаслик зарур. Ҳар қандай давлатни замонавий ва кучли таълим тизимига эҳтиёжи бор.
Таълим тизими нафақат мамлакат тараққиётини белгилайди, балки ишончга асосланган жамият барпо қилишни кафолатлайди.
Ўзбекистон давлати 2016 йилдан бошлаб, ўзини дунёга оча олди. Юртингизда бўлаётган ўзгаришлар мени ҳайратда қолдирди. Финляндияга қайтишим биланоқ, ҳамкасбларим – ректорларга, юртдошларимга Ўзбекистондаги янгиланишлар, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида сўзлаб бермоқчиман.
Барчиной ҲАМИДУЛЛАЕВА тайёрлади.
Шавкат Акрамов олган суратлар.