Ўзгидромет бўрон кутилаётгани муносабати билан фавқулодда хабар эълон қилди.
Маълумотларга кўра, 21—22-май кунлари республиканинг баъзи ҳудудларида, айниқса шимолий ва чўл ҳудудларида 23-28 м/с тезликда кучли шамол эсади, бу эса Бофорт шкаласи бўйича кучли бўрон сифатида таснифланади. Бундай кучли шамол томларга, биноларга зарар этказиши ва дарахтларни юлиб ташлаши мумкин.
Мамлакатимиз аҳолиси ва меҳмонларидан эҳтиёт чораларини кўришни, автомобилларни дарахтлар ва реклама тахталари остида қолдирмасликни сўраймиз, – дейилади Ўзгидромет ахборотида.
Аввалроқ синоптиклар 18-23 май кунлари сел оқими хавфи бўлиши мумкинлиги, шамолнинг 15-20 м/с гача кучайиши ҳақида огоҳлантирган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида сел оқимлари содир бўлган: баҳор фаслида 15 та йирик кўчки содир бўлиб, 9 кишининг ҳаётига зомин бўлган.