Уйчилик Матлуба Раҳмонбердиева бир умр жигарлари дарди билан яшади. Сабаби 4 нафар синглисининг кўриш қобилияти жуда паст. Туғма ногиронлик бор. Икки синглиси эса ўзгалар кўмагисиз юролмайди. Матлуба опа давлатимиз раҳбари топшириғи асосида Республика ишчи гуруҳи тузилгани ва улар Наманганда оммавий қабуллар ўтказаётганини эшитиб, мулоқот майдонига шошди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъулларига дарду ташвишларини айтди. Натижада, қисқа вақтда сингилларига аниқ ташхис қўйилиб, икки синглисида катаракта тозалаш, яна икки синглисида эса гавҳар қўйиш амалиёти ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Наманган вилоятидаги оммавий қабуллари бу каби юзлаб инсонларнинг дардига даво, кўзига нур, қалбига малҳам бағишлади. Мурожаатлар таҳлили эса ечимсиз муаммолар унча кўп эмаслигини кўрсатди. Гап масаланинг моҳияти, ўз вақтида тегишли идоралар олдига қўя билишда экан.
Шу боис ҳам ўттизга яқин вазирликлар, қўмиталар ва бошқа республика ташкилот-идоралари раҳбарлари ҳар бир масалани мурожаатчилар ва ҳудудий масъуллар билан бирга очиқ муҳокама қилиб, қонуний-адолатли ҳал қилиш учун бор куч-имкониятни сафарбар қилди. Айниқса, бу жараёнда ижтимоий ҳимояга муҳтож кўплаб инсонларнинг даволаниш, саломатлигини тиклаш, бандлик билан боғлиқ муаммолари ҳал бўлди.
Наманган туманида яшовчи Мастура Муминованинг қизида юрак хасталиги бор. Даволатишга эса қўли калта. Мурожаатдан сўнг унинг юрагида мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган бўлди.
Поп туманининг “Обод” маҳалласида яшовчи 40 ёшли Ирода Раҳимова бир неча йилдан бери жигар циррози хасталиги билан курашиб келади. Кейинги пайтларда аёл ўзини анча оғир ҳис қила бошлади. Хасталик аёлни бутунлай енгмаслиги учун мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш керак, аммо оиласининг бунга қурби йўқ. Оммавий қабулга нажот излаб келган Ирода опанинг бу масаласи ҳам шу ерда ҳал қилиниб, унга бепул жарроҳлик амалиёти ўткази учун йўлланма берилди.
Қабулларда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қатор муаммоларга ҳам ечим топилди. Айтайлик, чортоқлик тадбиркор Жаҳонгир Абдураимовга фаолиятини кенгайтириш учун 160 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилиши таъминланди.
Турли ташкилотларга аутсорсинг хизмати кўрсатиб келаётган тадбиркор Баҳодир Аҳадов эса кўрсатилган хизмат учун буюртмачи ташкилот қўшилган қиймат солиғи тўланмаётганидан норози бўлди. Тадбиркорнинг шикоятидан сўнг бу масала шу ерда ҳал қилиб берилиб, процессуал ҳужжатлар тайёрланди.
Янги Наманган туманида яшовчи Исоқжон Ёқубжонов ва маҳалладошларини ҳам шу муаммо қийнаб келаётган экан. Айтилишича, маҳаллага бетон таянчлар ўрнатилган, лекин электр кучланиш берилмаган. Бу масала ҳам тез орада ҳал этиладиган бўлди.
Чортоқ тумани “Мустақиллик” маҳалласида яшовчи Машҳура Акбарова эса масъуллар олдига ҳудуддаги кўп қаватли 9 та уй аҳолиси муаммосига ечим топишда амалий ёрдам сўради. Айтилишича, қурилганига бир неча йиллар бўлган бу уйлар фасади анча эскиргани боис таъмирлаш лозим эди. Мурожаатидан сўнг зарур маблағ, қурилиш материаллари ва мутахассислар ажратилиб, шу куннинг ўзида таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.
Чустлик Абдураззоқ Зокировнинг Сув хўжалиги вазирлиги масъулларига арз қилишича, ўзи яшаётган Янгиобод маҳалласи аҳолиси томорқасидан фойдаланишда бир неча йилдан бери сув таъминотидан қийналишади. Экинларни суғориш учун ёзда умуман сув бўлмайди. Ўтган йили қишлоқдан 4 км. олисдаги икки жойдан сув чиқарилди, аммо шу сувни маҳаллага олиб келиш учун қувур тортишга маблағ топилмаяпти. Зўрға чиқарилган сув эса эски ариқларда ортиқча исроф бўлмоқда. Мурожаатдан сўнг бу масала ҳам ўрганилиб, ҳал қилиб бериладиган бўлди.
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси масъуллари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликларига ажратилган мулоқот майдонлари ҳам анчайин гавжум бўлди.
Учқўрғонлик Дилрабо Эшматова ижарада яшайди. Икки нафар фарзанднинг ёлгиз боқувчиси. 20 йилдирки ўз уйи бўлиш орзусида. Аёлнинг мурожаатидан сўнг унга ва фарзандларига Учқўрғонда қурилган кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олиши учун бошланғич бадали ички имкониятлар ҳисобилан тўлаб бериладиган бўлди.
Уч фарзандини ёлғиз ўзи тарбиялаётган учқўрғонлик Марғуба Набижонова эса 6 сотих ерида уй-жойини охиригача қуриб битириб кўчиб чиқишга имкони йўқлиги учун ҳануз ота уйида яшаб келаётган экан. Мурожаатидан сўнг бу масала ҳам ўрганилгач, ички имкониятлар ҳисобидан аёлнинг уй қурилиши якунига етказиб бериладиган, кадастр ҳужжатлари ҳам имтиёзли асосда расмийлаштириладиган бўлди.
Мактабгача таълим вазирлигига қилинган қатор мурожаатларга ҳам шу ерда ечим топилди. Янги Наманган тумани “Мустақилликнинг беш йиллиги” ва “Бунёдкор” маҳаллаларида мактабгача таълим ташкилотлари йўқ. Шу ҳудудда яшовчи Муҳаррам Аҳмедова эса қабулга келиб, ҳар икки маҳаллада нодавлат мактабгача таълим ташкилотини очиш учун имконияти борлигини айтгач, бу борадаги ҳужжатлар расмийлаштирилиб, яқин кунларда иккита оилавий боғча иш бошлайдиган бўлди.
Уч кунлик мулоқотларда Бош прокуратура масъуллари кўриб чиққан 296 та ариза-шикоятнинг 130 таси, Ички ишлар вазирлиги тизимига оид 188 та мурожаатнинг 73 таси жойида ҳал қилинди.
Мурожаатлар асосида жиноят ишлари бўйича 187 та туман-шаҳар судлари ташкил қилган сайёр суд мажлисларида 63 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин шартли озод қилинди. Тарафлар ярашганлиги муносабати билан 8 нафар шахсга оид жиноят ишлари тугатилди. Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 8 нафар вояга етмаганга алимент ундириш бўйича суд буйруғи чиқарилди.55 та ариза Олий судда кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди.
Умумлаштириб айтганда, давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Наманган вилоятидаги уч кунлик оммавий қабулларида 2308 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг 1075 таси жойида ҳал қилинди. 249 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 669 та мурожаатни ҳал қилиш бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.