Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетига Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушез бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Расмий меҳмонларни Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов қабул қилди.
- Франциянинг Пуате, Сорбонна каби етакчи университетлари билан ҳамкорлик алоқаларимиз бор, - дейди Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов. – Биз яқинда университетимиз таркибида Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтини очдик. Ҳозирда олимларимиз Франциянинг қишлоқ хўжалиги истиқболларини ўрганмоқда. Элчихона билан ҳамкорликда Франциядан агробиотехнология, узумчилик, боғдорчилик каби бир қатор қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича билимли мутахассисларни Самарқандга олиб келишни режа қилганмиз.
- Самарқанд давлат университети ҳозирги кунда шиддат билан ривожланиб бораётган олий таълим муассасаларидан биридир, - дейди Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушез. - Биз СамДУ ректори Рустам Холмуродов билан кўп масалалар юзасидан фикр алмашдик. Хусусан, эндиликда элчихонамиз СамДУ га Франция олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатишга яқиндан ёрдам беради.
Шунингдек, Франция элчиси Самарқанд давлат университетида ташкил этилган “Campus France” ахборот маркази фаолияти билан танишди.
Делегация аъзолари Самарқанд давлат университети Археология музейида бўлиб, ноёб экспонатларни кўздан кечирдилар.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.