Истеъдодли шоира, ёш ёзувчи, адабиёт оламига “Дилхат”, “Сунбула” каби асарлари билан кириб келган, китобхонлар наздида “тизгинсиз туғёнлар куйчиси” Тилланисо Эшбоева “Қалб ва қалам” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони.
-Ижодингизда нима янгиликлар, адабиёт ихлосмандларига қандай янги асар туҳфа қилиш ниятингиз бор?
-Ҳозир илмий ишим ҳимоясига тайёргарлик кўриш билан бандман. Қолаверса, шу кунларда “Қон” номли шеърий китобим нашрдан чиқиш арафасида. Ўтган ой ҳар икки йилда бир марта бўладиган Венеция адабиёт ва санъат фестивалида ижтирок этдим. Ушбу фестиваль бутун дунё санъат ва адабиёт вакилларининг фестивали ҳисобланади. Июль ойида навбатдаги ижодий сафар билан Германияга бораман. “Documenta fifteen” халқаро санъат фестивалида Ўрта Осиёдан вакил сифатида танлаб олинган режиссёр ва рассом Саодат Исмоилова ташкил қилган “Давра” клуби аъзолари билан биргаликда иштирок этамиз. Қандай вазият бўлмасин охирги вақтлар бўш вақтимни ижод ва илмий ишимга қаратишга ҳаракат қиляпман.
-Ҳар бир ижодкорнинг ўз қалам чархи бўлади, дейишади. Сизнинг қаламингизни нима чархлаган?
-Қаламни чархлайдиган чарх айнан биргина нарса бўлмайди. Масалан меҳнат десам фақат ишлаш билан яхши натижага эришиб бўлмайди. Доимий ўқиш десам, фақат мутолаа билан ҳам кучли ёзувчи бўлиб қолмайсиз. Ўқисангиз, меҳнат қилсангизу, ҳаётни англамасангиз, юрагингиз ҳаётнинг оловида пишмаган бўлса унда ҳам яхши асар ёзиб бўлмайди. Ижодкор қалами меҳнат, ўқиш-изланиш, ҳаёт тажрибаси ва юракда ҳис қилинган қалб оғриқлари билан чархланади.
-Сизнинг услубингизда дард, оғриқ, тушкунлик, қайсидир маънода исён бор. Нега бундай?
-Агар исён бўлса бу зўр-ку. Аслида ижоднинг ўзи - исён, демак. Асарларимда исённи кўрганингиз мен учун жуда катта баҳо. Ёзувчи қалбида исён бўлмас экан у ҳеч нарса ёзолмайди. Ижодкор бўлиб, сўз айтиб чиқишнинг ўзи қайсидир маънода исён. Ижоднинг асл моҳиятида ҳам мана шу омил ётади.
Тушкунлик ва оғриқ масаласига келсак, ҳар бир инсоннинг ҳаётни англаш йўсини бўлади. Кимдир ҳаётни шодлик ва бахт билан англайди, кимдир оғриқ, дард билан. Мен дунёни оғриқ шаклида англайман. Эҳтимол шу сабаб бўлиши мумкин.
-Ҳаётда ҳам шундай тушкун инсонмисиз?
-Қайсидир маънода тушкун яшашим бор. Аммо бу дегани ҳаётимда оғир дард, руҳий қийноқ бор дегани эмас, унда бирор катта муаммо ёки мураккаблик кўрмайсиз. Аммо ёлғиз қолганимда руҳимда бир исён кўтарилади. Очиқроқ айтадиган бўлсам, ўзимни ўзим “ейиш”ни бошлайман. Бу ҳолатда, азоб ва оғриқларни енгишда энг яхши чора – ёзиш. Қарашларим ва ҳаёт ҳақиқатлари бир-бирига тўғри келмай қолганда менда тушкунлик кайфияти шаклланади.
-Ёзувчи сифатида кимларни ўқийсиз?
-Охирги пайтда Жойсни ўқидим. Ўзбек адабиётидан Шукур Холмирзаев, Мурод Муҳаммад Дўст, Назар Эшонқул, Хуршид Дўстмуҳаммад каби ёзувчиларни кўп ўқиганман. Шунингдек, ёш ижодкорларни кузатишни ҳам ёқтираман. Айни пайтда тадқиқотим юзасидан дунё фалсафасини ўрганишга тўғри келяпти. Шунинг учун кўпроқ жаҳон адабиётининг постмодернизм намуналарини ўқияпман.
-Яратилган ҳар бир бадиий асарда муаллифнинг кўнглидан кечаётганлар акс этади. “Сунбула” орқали айтмоқчи бўлганларингиз?
-Буни кўпроқ ўқувчилар баҳолаши керак.
-Сизни шоира сифатида танишларини ҳоҳлайсизми ёки ёзувчи?
-Аввал шоира, кейин ёзувчи. Чунки ижодимни шеърлар ёзиш билан бошлаганман. Илк шеъримни 1-синфда ўқиб юрганимда ёзгандим. Биринчи шеърим қуёш ҳақида эди.
-“Сунбула”га билдирилган муносабатлар қандай бўлди, танқидлар ҳам бўлдими?
-“Сунбула” кўп танқидга учради. Аммо муносиб равишда билдирилган танқидга дуч келмадим. Асар эътиқоди номаълум инсон томонидан ёзилган деган қарашлар ҳам бўлди. Умуман, билдирилган фикрларга муносабатим ҳеч қачон салбий бўлмаган. Мен танқидларни тўғри қабул қиламан.
-Ҳаётда нимадан қўрқасиз?
-Истаган нарсамга эриша олмай қолишга бўлган қўрқув билан яшаб ўтишдан қўрқаман.
-Бугунги адабий жараён ҳақида фикрларингиз?
-Бугунги адабий жараён эврилишлар даврида. Асар ёзиш ва уни китобхонга тақдим қилиш жараёнида фақат икки томон бор: ижодкор ва ўқувчи. Ижтимоий-сиёсий муҳит бу жараёнга аралашмайди. Демак ижодкор бу борада эркин. Энди китобхонларни ўз ортидан эргаштириб кета олиши фақат ва фақат ижодкорнинг ўзига боғлиқ. Аммо яратилган бадиий асарга адабиётшунослик нуқтаи назаридан билдирила ётган муҳокама ва танқидлар камайиб боряпти. Ижодкорнинг даражаси уни ўқийдиган китобхонлар аудиториясининг катта-кичиклиги, ёзган асарининг одамларга қай даражада маъқул келиши билан ўлчаняпти. Бугунги адабиёт учун ижтимоий тармоқлар энг зўр минбарга айланган. Аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам айтаман, ҳозир ёзувчи шоирлардан кўра шоу-бизнес вакилларининг аудиторияси катта. Ҳолбуки, бундан 30-40 йиллар аввал аксинча бўлган.
-Бунга сабаб қайсидир маънода ўқувчиларнинг ўзи эмасми?
-Эҳтимол, шундайдир. Аммо ижодкорлар ҳам жамиятга ютилиб кетмасдан, одамларнинг дақиқа сайин ўзгариб турадиган фикрларини бошқариб турувчи шахс бўлишлари керак.
-Ҳар қандай эришилган муваффақият ортида қандайдир қурбонлик ётади, дейишади. Ҳозирги даражангизга етиб келгунча нималарни қурбон қилгансиз?
-Ҳаёт сиздан ниманидир тортиб олса, эвазига англаш ва улғайиш бахтини беради. Ёшликда ҳар бир қизга хос олам-олам орзулар билан катта ҳаётга қадам қўйганман. Бугун ниманики англаб етган бўлсам, унга нисбатан ўн-ўн беш йил аввалги тасаввуримни, кичкина қиз қарашларини, кези келганда орзуларини қурбон қилганман.
-Ўтган умрингизни сўзларда тасвирлаш керак бўлса қандай жанрдаги асар яралган бўларди?
-Ҳозирча новелла бўла қолсин.
-Шу ўринда анъанавий саволга ўтсак: Юртимизнинг ҳар бир вилоятида ўзига хос адабий муҳит мавжуд. Сиз Самарқанд адабий муҳити ҳақида нималар дея оласиз?
-Самарқанд давлат университетига анча йиллар аввал “Самарқанд шеър оқшомлари” мушоираси доирасида ўтказилган бир тадбирга борган эдим. Бу хотиралар ҳаётимдаги энг чиройли, сокин ва самимий хотира сифатида қолган. Самарқанднинг ўзгача руҳи бор. Бу шаҳар ўзбек адабиётига Хуршид Даврон, Абдували Қутбиддин, Фахриёр, Гулжамол Асқарова, Ойдиннисо, Феруза Хайруллаева, каби ижодкорларни берган. Самарқанд адабий муҳити шунинг учун ҳам бугунги ўзбек адабиётининг муҳим қисми ҳисобланади.
Суҳбатдош Ирода БЕКМУРОДОВА
Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати ходими