Ҳайвонот оламида йўлбарсларнинг еттита кенжа тури мавжуд. Шулардан бир Турон йўлбарси. Афсуски, у ҳозир табиатда учрамайди, 1954-1955–йилларда батамом йўқолиб кетган. Ҳозирда у Халқаро Қизил китобга киритилган. Бу кенжа турга мансуб Турон йўлбарси жунининг ёрқин-олов ранг туси ва баданидаги чизиқларининг узунлиги билан бошқа турдаги йўлбарслардан фарқ қилади. Шунингдек йўл-йўл чизиқлари узунроқ ва жигарранг тусга эга. 40-45 даража совуқда ҳам мослаша олади.
Самарқанд давлат университети зоология музейида кенжа йўлбарсларнинг уч турдаги, яъни Сибр, Ҳиндистон ва Турон йўлбарси экспонатлари сақланади. Турон йўлбарси экспонати 1935 йилда ушбу музейга олиб келинган. У Амударё бўйларидаги тўқайзорларда яшаган. Овчи томонидан овланган. Унинг оғирлиги тахминан 270-280 килограм, бўйи 130-150 см., узунлиги эса 3 метр бўлган. Ҳозирда бу экспонат СамДУ зоология музейидаги энг қиммат ва ноёб экспонат ҳисобланади. Музей масъул ходим Баҳодир Муҳаммадиевнинг айтишича, жаҳон бўйича уч жойда Турон йўлбарси экспонати мавжуд. Булар Нукус, Тошкент шаҳарларида ҳамда Самарқанд давлат университети зоология музейида сақланади.
Беҳруз ШАМСИДДИНОВ
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат АКРАМОВ олган сурат.