Самарқанд давлат университети роман-герман тиллари кафедраси француз тили ўқитувчиси Нигора Негматова Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Campus France” ахборот маркази директори сифатида талабаларга француз тилидан сабоқ бериб келмоқда. Шунингдек, Франция олий таълим муассасаларида ўқишни истовчи талабаларга уларнинг таълим шакли, йўналиши ва қизиқишларига мос олий таълим муассасаси танлашда ҳам муносиб ёрдам беради. Нигора Негматова талабаларга дарс бериш билан бир қаторда француз тилига шарқ тилларининг таъсири мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Шу кунгача унинг 10 га яқин илмий мақолалари республикамиз ва Россия, Германия, Франция каби давлатларнинг нуфузли илмий нашрларида чоп этилган. Яқинда Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилган халқаро форумда иштирок этиб қайтди.
– Қайд этиш жоизки халқлар ўртасида маданий алоқаларнинг йўлга қўйилиши билан тиллар ўртасида сўз алмашинуви содир бўлган, - дейди Нигора Негматова. - Бу ҳодиса барча тилларда учрайди ва тилнинг сўз бойлиги бойишига сабаб бўлади. Масалан, ўзбек тилига форс-тожик, араб тилларининг таъсири натижасида тилимизга бир қатор сўз ва иборалар кириб келган. Худди шу каби француз тилида ҳам бошқа тиллардан сўз олиш ҳодисаси кўп бўлмаса ҳам мавжуд. Тадқиқотларимда француз тилидаги ушбу жараённи ўрганишга ҳаракат қилдим. Айни пайтда француз тилини ўрганаётган иқтидорли талабалар учун Париж шаҳрида ташкил этиладиган ёзги тил курсларига тайёргарлик кўрмоқдамиз.
Маълумот учун, мазкур тил курслари август ойида Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, тингловчиларга таътилни Парижда ўтказиш ва француз тилини етук мутахассислардан ўрганиш имкониятини тақдим этади. Француз тилига қизиқувчи ёшлар “Campus France” марказига мурожаат қилишлари мумкин.
Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.