Бир оғиз жумла билан ҳа, деб жавоб бериш мумкин. Бироқ Фуқаролик қонунчилигида ҳам, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳам мулк ҳуқуқи, ашёвий ҳуқуқлар деган терминлар жуда кўп ишлатилади. Дарс жараёнларида ҳам талабалар томонидан бу терминларни тушуниш қийиндек туюлади. Булар ўртасида қандай фарқ ёки ўхшашликлар мавжуд. Ана шу масалада баъзи бир мулоҳазаларни кўриб чиқамиз.
Аслида ашёвий ҳуқуқ - бу ашё, нарсалар, буюмлар хуллас, кўчар ва кўчмас ашёлар устида ўрнатилган ҳуқуқ ҳисобланади. Унинг мазмунини ашёни эгаллаш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф қилиш имконияти ташкил қилади. Ашёвий ҳуқуқни унинг мазмунидан келиб чиқиб икки гуруҳга ажратиш мумкин:
Биринчидан, тўлиқ ашёвий ҳуқуқлар. Бунга фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўзларига тегишли бўлган ашёлар устида ўрнатган мулк ҳуқуқи киради. Масалан, фуқаро Воҳид томонидан сотиб олинган телефон қурилмасига нисбатан у мулк ҳуқуқини ўрнатади. Яъни, Воҳид телефонини сотиб олиш орқали эгалик ҳуқуқини қўлга киритгани ҳолда, ундан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиши ёки ҳадя қилиш орқали тасарруф этиши ҳам мумкин.
Иккинчидан, чекланган ашёвий ҳуқуқлар. Чекланган ашёвий ҳуқуқлар доирасига Фуқаролик қонунчилигига кўра қуйидагилар киритилган: хўжалик юритиш ва оператив бошқариш ҳуқуқи, ер участкаларига доимий эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи, мерос қилиб қолдириладиган ер участкаларига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи, сервитут ҳуқуқи. Чекланган ашёвий ҳуқуқларга эгалик қилаётган шахслар ашёвий ҳуқуқ мазмунини ташкил қилувчи имкониятларнинг айримларидан маҳрум бўлади. Масалан, тегишли мол-мулкларга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида эгалик қилаётган Самарқанд вилояти Юридик техникуми ўзининг эгалигидаги ашёларни мустақил тасарруф қила олмайди. Чунки тасарруф қилиш имкониятини мулкдор (давлат) ўзида сақлаб қолади.
Шунинг билан бирга, чекланган ашёвий ҳуқуқларга эгалик қилишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати ҳам таъсир кўрсатади. Масалан, мерос қилиб қолдирадиган ер участкаларига нисбатан эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқнинг субъекти фақат фуқаролар ҳисоблангани ҳолда, хўжалик юритиш ҳуқуқининг субъекти унитар корхоналар бўлади.
Шу ўринда қуйидаги ҳолатга алоҳида тўхталиб ўтиши зарур деб ҳисоблайман, яъни Фуқаролик кодексининг II бўлими “Мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар” деб номланган. Бундай номланиш шу соҳа мутахассислари учун қийинчилик туғдирмайди. Бироқ янада аниқ ва тушунарли бўлиши учун II-бўлимни “Ашёвий ҳуқуқлар” деб номлаш ўринли бўларди. Юқорида айтганимиздек, мулк ҳуқуқи ашёвий ҳуқуқнинг бири тури бўлганлиги учун уни алоҳида ажратиб кўрсатиш шарт эмас деб ҳисоблайман.
Ашёвий ҳуқуқларни вужудга келиш асосларига кўра ҳам таснифлаш мумкин:
Биринчидан, ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш орқали. Масалан, ер участкалари вилоят ҳокимининг қарорига асосан давлат органларига, муассасаларига ва корхоналарига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга берилиши мумкин.
Иккинчидан, электрон онлайн-аукцион воситаси орқали. Масалан, якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаларини мулк қилиб бериш (мулк ҳуқуқини олиш) электрон онлайн-аукцион воситасида амалга оширилади.
Учинчидан, шартномалар тузиш орқали. Масалан, ижара шартномасини тузиш орқали ижарачи мулкдан вақтинча эгалик қилиш ва ундан фойланиш каби чекланган ашёвий ҳуқуқларга эга бўлади. Бироқ ижара ҳуқуқи фуқаролик қонунчилигида ашёвий ҳуқуқлар турлари сифатида қайд этилмаган. Бунга бу ҳуқуқнинг мажбурият ҳуқуқи нормалари орқали шаклланганлиги ва унинг доирасида бўлишлиги далил сифатида кўрсатилади. Бироқ мулк ҳуқуқи ҳам аксарият ҳолатларда мажбурият ҳуқуқи нормалари орқали вужудга келишини эътиборга олган ҳолда. ашёвий ҳуқуқнинг турларидан бири сифатида қайд этилганлигини ҳам назарда тутиш керак.
Акмалжон Ғуломов,
Cамарқанд давлат университети
ҳуқуқшунослик ва ҳуқуқ
таълими кафедраси доценти.