Олмалиқ шаҳри, Шаҳрихон ва Китоб туманларида ноқонуний валюта айирбошлаш ҳолатлари аниқланди, деб хабар қилди Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати.
Департамент ва Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган махсус тадбирлар давомида чет эл валютасини ноқонуний айирбошлаш ҳолатлари аниқланди.
Олмалиқда 2900 АҚШ долларини бошқа фуқарога 32,3 миллион сўмга сотаётган шахс қўлга олинди.
Шунингдек, Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида 2800 АҚШ долларини 30 миллион сўмга сотмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинди. Фуқарони текшириш чоғида ундан ашёвий далил сифатида пул маблағлари, жумладан, 100 Россия рубли ва 650 000 сўм олинди.
Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида чет эл валютасини ноқонуний муомалага киритиш билан шуғулланган икки фуқаро қўлга олинди. Улар 3400 АҚШ долларини 37,8 миллион сўмга сотаётган вақтда қўлга олинди. Улардан 6200 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олинди.
Юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “Валюта бойликларини қонунга хилоф равишда эгаллаб олиш ёки сотиш” моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддада 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган.