Самарқанд давлат университети талабалари вилоят минтақавий қон марказида ташкил этилган “Мен донорман” донорлик акцияси доирасида қон топшириш ишларида фаол иштирок этди. Ихтиёрий равишда қон топширишга келган ўқитувчи ва талабалар дастлаб малакали шифокор кўригидан ўтганларидан сўнг тегишли тартибда қон топширдилар. Ушбу акция давомида топширилган қон препаратлари онкология ва гематология марказларида даволанаётган болалар учун юборилиши белгиланган.
– Бугунги акцияда иштирок этиш учун келган ёшлар кўнгилли қон топшириш ишларига ниҳоятда фаоллик ва хайрихоҳлик билан ёндашмоқдалар, - дейди математика факультети талабаси Сардор Муҳаммадиев. - Ўз ихтиёримиз билан топширган қон қайсидир беморнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшиши мумкинлигидан ғоятда мамнунмиз. Барчангизни ушбу акцияга иштирок этишга чорлаб қоламан.
Ўзига хос инсонпарварлик намунаси бўлган бу каби тадбирлар замирида беморлар ҳаётини сақлаб қолишдек улкан ва хайрли иш турибди. Шу боис, унда иштирок этган ҳар бир инсон мазкур хайрли ишга дахлдордир.
Маълумот учун, мазкур акция 14 июнь бутунжаҳон донорлар кунига қадар давом этади. Бемор болалар ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшишни истаган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган соғлом фуқаролар бемалол иштирок этишлари мумкин.
Самарқанд давлат универиситети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар