Самарқанд давлат университети ботаника кафедраси доценти Зебинисо Номозова ботаника ва ўсимликлар морфологияси бўйича 30 га яқин дарслик ва ўқув-услубий қўлланмалар муаллифи. 110 дан ортиқ илмий мақолалари республика ва халқаро нашрларда чоп этилган. Шундан 5 таси Scopus базасида индексланадиган журналлар ҳисобланади. Олима доривор ўсимликларни табиий шароитда ўстириш ва ўсимликлар интродуксияси йўналишларида илмий тадқиқот олиб бориш билан бир қаторда талабаларга “Ўсимликлар анатомияси”, “Ўсимликлар морфологияси”, “Юксак ўсимликлар систематикаси” ва “Геоботаника” фанларидан дарс бериб келади.
– Тадқиқотларимда Самарқанд вилояти шароитида интродуксияланаётган тиканли артишокнинг биоекологик хусусиятларини ўргандим, - дейди Зебинисо Номозова. - Мазкур ўсимлик доривор ўсимлик сифатида тиббиёт ва фармацевтикада кенг қўлланилади. Тиканли артишокнинг ватани Ўртаер денгизи мамлакатлари ҳисобланади. Ўзбекистон ҳудудида Самарқанд ва Бухоро вилояти ҳудудларида учрайди. Тиканли артишок доривор ўсимлик сифатида жигар ва буйрак касалликларида, аллергияда, қандли диабет хасталигида кенг қўлланилади. Тадқиқот жараёнида Республика бўйича доривор ўсимликлар табиий шароитда ўстириш бўйича грант қўлга киритдик ва СамДУ ботаника боғида тиканли артишок ўсимлиги етиштиришни йўлга қўйдик. Бугунги кунда ўсимлик экиладиган майдонларни янада кенгайтириш, янги навларини экишни йўлга қўйиш ҳамда дори-дармон саноатига янада кўпроқ етказиб бериш устида ишлаяпмиз.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.