Самарқанд давлат университети биология факультети магистри Шалола Шойимова лимоннинг ҳосилдорлиги ва совуққа чидамлилигини ошириш юзасидан тадқиқот олиб бормоқда. Илмий раҳбари ўсимликлар физиологияси ва микробиологияси кафедраси профессори Жўра Хўжаев.
Магистрантнинг шу кунга қадар мавзуга оид бир қатор мақолалари Россия, Корея, Венгрия, Исландия каби давлатларнинг нуфузли журналларида нашр этилган. Шунингдек кимё фани бўйича Республика фан олимпиадасида 2-ўринни эгаллаган. Чет тили бўйича халқаро ИEЛТС 5.5 сертификатига эга. Бундан ташқари “Мўъжизавий лимон” номли монографияси нашр этилган.
Ўзбекистонда лимон асосан ёпиқ майдонларда етиштирилади. Иссиқ иқлим шароитларига талабчанлиги ва чидамлилиги мамлакатимизда лимон етиштириш истиқболли эканлигини исботлайди, - дейди Шалола Шойимова. - Сўнгги йилларда лимон дунёнинг ривожланган мамлакатларида цитрус меваларни қайта ишлаш саноатининг асосий хомашёсига айланган. Бугунги кунда лимонни техник қайта ишлаш юқори даражада ривожланиб бормоқда. Илмий тадқиқот лабораториялари тажрибаларига кўра, Ўзбекистондаги иссиқхоналарга экилган цитрус ўсимликлар ўсув даврининг узоқ давом этиши ҳамда фойдали ҳарорат йиғиндисининг кўп бўлиши лимондан муттасил мўл ва сифатли мева олиш имконини беради. Ҳар бир ўсимликнинг нормал ўсиши, гуллаши, ҳосил бериши учун энг аввало кимёвий унсурлар, яъни микроунсурлар зарур. Улар: азот, калий, фосфор, шунингдек, темир, кальций, магний, олтингугуртлардир. Ўсимлик энг кўп талаб қиладиган модда-азот. Айниқса, ёш кўчатлар ўсиш, гуллаш, тугунаклар тугиш даврида бу унсурга зарурат сезишади. Азотга тўйинган лимон дарахтининг шохлари гуркираб ўсади ва япроқлари тўқ яшил рангда бўлади. Ўз вақтида тўғри меъёрида озиқлантириш зарур. Жараён ён шохларнинг фаол ўсиши даврида, яъни март ойидан октябрга қадар олиб борилади. Ўсимликни илдиз ҳамда япроқлар орқали озиқлантириш мумкин.
Хусусан, лимон табиий қон тозаловчи восита ҳисобланади. Дунё миқёсида мазкур мевадан қон босими кўтарилганда, ошқозон-ичак касалликларида, подагра, атеросклероз, ўпка сили, нафас йўллари шамоллаганда, гепатит, бавосир, тана ҳароратини туширишда, бод касалликларини даволашда кенг фойдаланилади. Бундан ташқари мияда қон қуюлиб қолишининг олдини олади.
Лимоннинг ҳиди асабларни тинчлантириш хусусиятига эга бўлиб, у нафақат ижобий таъсир қилади, балки хавотир ҳамда тушкунлик ҳиси билан курашишга ҳам ёрдам беради. Лимон мевалари узоқ сақланганда ва қайта ишланганда ҳам таркибидаги витаминларнинг сақланиши унинг қимматли хусусиятларидан биридир.
Шуни ҳам айтиш жоиз, лимон мевалари ва ундан тайёрланган бетакрор шарбатлар дунё мамлакатлари аҳолисининг одатий озиқ-овқат маҳсулотларидан бирига айланган. Айниқса, бугунги кунда дунёдаги пандемия шароитида мазкур мевага бўлган талаб янада ошди.
Лимончилик сердаромад соҳа. Биринчи йилда гуллайди, лекин, ҳосил бермайди. Ана шунда янги навдалардан қаламча олиб, кўчат тайёрлаб сотса бўлади. Ҳар бир кўчатдан 50 донагача қаламча тайёрланиши, биринчи йилдаёқ сарф-харажатларни қоплашда қўл келади. Учинчи йилда лимон ҳосилга киради. Шуни ҳам айтиш жоиз, уч йилга қадар лимон кўчатлари орасида қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириб, масалан помидор, бодринг, болгарқалампир ва бошқа экинларни экиб даромадни янада ошириш мумкин.
Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.