Самарқанд давлат университети ўқитувчиси, кимё фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Алишер Ишанкулов ҳозирги кунда Россиянинг Қозон миллий технологиялар университети нанокимё илмий лабораториясида “Кўп компонентли гибрид квант нуқталар асосида полимерларни модификациялаш ва улар асосида наноматериаллар олиш” мавзусида илмий изланиш олиб бормоқда.
- Тадқиқот юзасидан Россиянинг бир қатор университетлари ва Ҳиндистонда бўлдим, - дейди Алишер Ишанкулов. - Бу давлатларда аниқ ва табиий фанларга эьтибор жуда кучли, илмий тадқиқот ўтказувчи олимларга барча шароитлар яратилган. Албатта, бунда тажриба ва фикрлар илмашиш имконияти кенгроқ бўлди. Агар холис фикр айтадиган бўлсам, ҳозирги вақтда бизнинг университетимиз ҳам босқичма-босқич ривожланиш йўлидан кетмоқда. Шунингдек, хорижлик профессор-ўқитувчиларнинг университетимизга келиб дарс бериши ҳам бу ердаги муҳитни яхшилашга, жараённи янада тезлаштиришга хизмат қилади.
Бугун Қозон миллий технологиялар университетида ўз фаолиятимни давом эттиряпман. Оиладан узоқда яшаш жуда қийин, лекин университетимизга ҳозирги кунда замонавий лабораториялар ташкил қилишда барчамиз ректоримизга қанот бўлиб ёрдам беришимиз керак. Ҳозир бу борада кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда. Университетимизда барпо этилаётган лабораториялар ва сотиб олинаётган янги замонавий асбоб-ускуналар бунинг далили бўла олади.
Мен ёшлигимдан кимё фанига қизиқиб ўсганман. Биринчидан, ўқитувчи ва шифокор оиласида дунёга келганим сабаб бўлса, иккинчидан кимё ўқитувчимиз жуда яхши дарс ўтар эди. Ҳозир кимёгар бўлишни истаган ёшларга даставвал мактабда яхши ўқишлари, кейин эса чет тилларини ўрганишни тавсия қиламан. Яна бир муҳим нарса бу бадиий китоблар мутолааси. У кишининг фикрлари ва дунёқарашини теранлаштиради. Мен ёшларга Артур Конан Дойлнинг “Йўқолган дунё” илмий фантастик романини, Пауло Коелонинг “Алкимёгар” қиссасини ва Аҳмад Лутфий Қозончининг “Саодат асри қиссалари” асарларини ўқишни маслаҳат берган бўлар эдим.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.