Султон бўлса-да талабаларга дарс берган олим ёхуд Мирзо Улуғбек ҳақида 11 факт

Султон бўлса-да талабаларга дарс берган олим ёхуд Мирзо Улуғбек ҳақида 11 факт
Буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг набираси, атоқли давлат арбоби, математик ва астроном олим Мирзо Улуғбек ҳақида сиз билган ва билмаган 11 факт.

1.Улуғбекнинг туғилиши кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолган
Амир Темур 1394-йилда Ироқдаги Мордин қалъасини қамал қилади. Шу вақтда Соҳибқироннинг Султониядаги қароргоҳида Улуғбек туғилади. Тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида ёзилишича, Амир Темур ҳузурига чопар келиб Улуғбекнинг туғилгани ва мунажжимлар бу невара келажакда ҳам олим, ҳам ҳукмдор боʻлишини башорат қилганлари хушхабарини етказади. Соҳибқирон хурсандлигидан Мордин қалъаси қамалини тўхтатиб, унинг халқига юкланган тоʻловни бекор қилади.

2.15 ёшида бобоси Амир Темурнинг тахтига ўтирган
Хуросон ҳокими, Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳрух 1409-йилда Темурийлар давлатининг олий ҳукмдори сифатида эътироф этилгач, қўлга киритилган Мовароуннаҳрни идора этишни Туркистон вилояти билан бирга Улуғбекка топшириб, Соҳибқирон васиятини қайта тиклади. Ўсмир ёшдаги Улуғбек бу ҳудудларни дастлаб Шоҳмалик ёрдамида бошқарган бўлса, 19 ёшидан Мовароуннаҳрни мустақил идора этишга киришди. Улуғбек ўз ҳукмронлиги давомида 2 марта йирик ҳарбий юриш қилди.

3.Ҳарбий стратегиялардан моҳирона фойдалана олган
Мирзо Улуғбек 1425-йили ўзининг Мўғулистонга қилган биринчи йирик ҳарбий юриши чоғида қўшин миқдори ҳақида душман нотўғри тасаввурга эга бўлиши учун ҳар бир жангчисига тунда беш ерда гулхан ёқишни амир қилган. Улуғбек қўллаган бу усул ҳарбий санъатда арғай ўт (мўғулча арға – алдаш, туркча – ўт, олов) деб номланади. У душманни чалғитиш мақсадида қўшин миқдорини бўрттириб, кўпайтириб кўрсатиш учун ишлатилади. Юриш Улуғбек ғалабаси билан тугаган.

4.Бобосининг сағанасига нефрит қабртош қўйдирган
Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасига Темурийлар сулоласига мансуб кишилар дафн этилган. Зиёратхона юқориси (тўри)да Темурнинг пири Мир Саййид Барака, унинг қабри оёқ томонига Амир Темур дафн қилинган. Темур сағанасига қўйилган кўк нефрит қабртошини Улуғбек Мўғулистонга қилган юриши вақтида олиб келган. Тошдаги лавҳада Темурни улуғлайдиган сўзлар, унинг шажараси ҳамда марсиялар ўймакори ёзувларда битилган. Кейинчалик Улуғбекнинг ўзи ҳам шу ерга дафн этилган.

5.Бибихоним жомеъ масжидига улкан лавг ўрнаттирган
Амир Темурнинг катта хотини Бибихоним ўзи фарзанд кўрмаган бўлса-да, Соҳибқирон ўз набиралари қатори Улуғбекни ҳам бевосита зукко Бибихоним тарбиясига топширган эди.Самарқандда Амир Темур Бибихонимга атаб қурдирган Бибихоним жомеъ масжиди мавжуд.
Масжид ҳовлиси ўртасида мармартошдан ясалган улкан лавҳ – Қуръон ўқиладиган махсус курси бўлиб, у дастлаб асосий бино ичида турган (1875-йилда катта гумбазнинг қулашидан хавфланиб, ҳовли ўртасига чиқариб қўйилган).
Лавҳ Улуғбек фармонига биноан ХV аср ўрталарида ясалган. Унга “Султони азим, олий ҳимматли хоқон, дин-диёнат ҳомийси, Ханафия мазҳабининг посбони, аслзода султон, ибни султон, амири мўминин Улуғбек Кўрагон”, деб битилган.

6.Султон бўлса-да, талабаларга дарс берган
Улуғбек Самарқандда иккита мадраса: бири Регистон ансамбли таркибида ва иккинчиси Гўри Амир ансамбли таркибида барпо этган. Бошқа йирик олимлар қаторида Улуғбекнинг ўзи ҳам бу мадрасаларнинг ҳар бирида ҳафтада бир маротаба маъруза ўқиган.
Бошқа вақтини кўпроқ астрономик кузатишларга, “Зиж” устида ишлашга ва давлат ишларига бағишлаган. Яқин йилларгача у фақат астроном ва математик деб ҳисобланарди. Лекин ХХ аср охирида унинг ижоди серқирра ўлиб, у тарих, шеърият ва мусиқа бобида ҳам қалам тебратгани аниқланди. Улуғбек шеърлар ҳам ёзган.

7.Улуғбекнинг улкан глобуси ва 50 метрли қуёш соати бўлган
ХV асрда Самарқанддаги Мирзо Улуғбек қурдирган расадхонада каттагина глобус бўлган. Унда иқлимларнинг чегаралари, тоғлар, чўллар, денгизлар ва дарёлар кўрсатилган. Бинобарин, дунёдаги иккинчи глобусни Самарқанд астрономлари ясашган. Улуғбекнинг ўлимидан кейин у мутаассиблар томонидан йўқотилган. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Улуғбек Самарқандда баландлиги 50 метрли қуёш соати ясаган. Ушбу ноёб соат ҳам сақланиб қолмаган.

8. Улуғбекнинг дастхати бизгача етиб келган
Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Мирзо Улуғбекнинг Самарқандлик хаттот Азизулло томонидан насх хатида тахминан 1439-йилда, Улуғбек 45 ёшда боʻлганида кўчирилган “Зижи Кўрагоний”си сақланмоқда. Қўлёзма саҳифаларида Улуғбекнинг тузатишлари ҳам бор. Ушбу тузатишлар унинг дастхати, ёзуви ҳақида маълумот беради.

9.Самарқандда чиннидан сарой қурдирган
ХV асрнинг 40-йилларида Улуғбек Самарқанднинг Чўпонота тепалигида, Улуғбек расадхонасига яқин жойда сарой бунёд эттирган. Унинг деворлари чинни билан қоплангани учун ҳам Чиннихона деб аталган.
Улуғбек ва бошқа олимлар шу ерда самовий кузатув, илмий тадқиқотлардан сўнг ҳордиқ чиқаришган. Чиннихонанинг коʻшкида рангли шишалар ишлатилган. Археологик қазишмалар жараёнида Чиннихонадан топилган тош тахтачалардан бирига “бахтли бўл” ёзуви борлиги аниқланган.

10.Падаркуш ўғил отаси умрининг ярмини ҳам яшай олмаган
Улуғбек ўзининг ўжар, худбин ва шуҳратпараст ўғли Абдуллатифнинг розилиги билан 1449-йил 27-октябрда 55 ёшида Самарқанд яқинида қатл этилган. Отаси тахтини эгаллаган Абдуллатиф ҳам олти ойлик ҳукмронлигидан сўнг, Улуғбекнинг хос навкарларидан Бобо Ҳусайн Баҳодир томонидан 1450-йил 8-майда, 27 ёшида оʻлдирилган.

11.Улуғбекнинг хазинасини унинг шогирди сақлаб қолган
Самарқандлик олим, Мирзо Улуғбекнинг яқин шогирди Али Қушчининг отаси Амир Темур қароргоҳининг бошлиғи бўлган. Улуғбек саройида қарчиғайлар боққани учун Алини “Қушчи” дейишган. Али Қушчини Мирзо Улуғбек “Зижи Коʻрагоний”нинг соʻзбошисида “фарзанди аржуманд”, яъни “азиз фарзандим” деб атаган.
Улуғбек вафотидан сўнг унинг Самарқанддаги 15 минг китобдан иборат машҳур кутубхонаси хавф остида қолади. Кутубхонани “ўз даврининг Птоломейи” номини олган Али Қушчи сақлаб қолган, деган тахминлар бор. Ривоятларга қараганда кутубхонадаги китобларнинг кўп қисмини Али Қушчи Самарқанд яқинидаги Ҳазрат Башир қишлоғига кўчирган. Кўп ўтмай, таъқиблардан қочиб Самарқанддан чиқиб кетишга мажбур бўлган.


Манба -

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Султон бўлса-да талабаларга дарс берган олим ёхуд Мирзо Улуғбек ҳақида 11 факт