Самарқанд давлат университети аналитик кимё кафедраси доценти, кимё фанлар номзоди Зулфия Муродова талабаларга “Газлар анализи”, “Аналитик кимё”, “Атроф-муҳит анализи” каби фанлардан дарс беради. Шу кунга қадар 120 дан ортиқ мақолалари республика ва халқаро илмий нашрларида чоп этилган. Германия, Австрия, Украина, шунингдек, Россиянинг Санкт-Петербург, Москва, Волгоград каби шаҳарларида нуфузли халқаро конференцияларда иштирок этган. “Газовый анализ” номли монографияси Германияда нашр этилган. Бундан ташқари, “Сифат анализи”, “Газлар анализининг кимёвий усуллари” каби ўқув-қўлланмалар муаллифи. Тадқиқотларида “Газ-буғ аралашмаси таркибидаги этил спиртини аниқловчи сенсор яратиш” бўйича тажрибалар олиб борган.
– Этанол кенг тарқалган заҳарли ва психоактив модда, - дейди Зулфия Муродова. - Унинг ҳаводаги аралашмаси портловчан хусусиятга эга. Шу сабабли газ муҳитидаги этил спирти миқдорини назорат қилиш муҳим аҳамиятга эга. Тажрибаларда этил спиртини аниқловчи сенсор учун селектив катализаторлар танлаш мақсадида бир қатор моддаларнинг оксидланиш жараёнидаги активлиги ва селективлигини ўрганишга ҳаракат қилдим.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.