Самарқанд давлат университети мактабгача ва бошланғич таълим факультети талабаси Мушарраф Юсупова мактабгача таълим ёшидаги болаларда ўйинчоқларнинг аҳамияти бўйича тадқиқот олиб бормоқда. Илмий раҳбари СамДУ мактабгача таълим кафедраси катта ўқитувчиси Шоҳиста Дониёрова.
- Ўйинчоқ болалар ўйинлари учун мўлжалланган бўлиб, ундан фойдаланиш болалар билим доирасини кенгайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, атрофга қизиқиш уйғотишга, мустақил ривожланишга кўмаклашади, - дейди Мушарраф Юсупова. - Болалигидан ўйинчоқ ўйнаган ва ўйнамаган болаларда тафаккур қилиш кескин фарқ қилади. Ўйинчоқлар билан ошно бўлган бола дўст топиш ва ён-атрофдаги инсонлар билан келишишда қийналмайди.
Мактабгача ёшдаги болалар тарбиясини ўйинчоқлар орқали ташкил этиш болаларда ахлоқий, ақлий, эстетик, сенсор, меҳнат, иқтисодий тарбиянинг турли шаклларини ривожлантиради. Ўйинчоқлар боланинг ҳиссий жиҳатдан етукликка олиб чиқади ҳамда алоқа, ижобий хотиралар ва уларнинг ҳис-туйғулари билан ўзаро муносабатда бўлиш усулини таъминлайди. Ўйинчоқлари билан соатлаб ўйнайдиган болалар соғлом ва бахтли болаликка эга бўлишади, улар келажакка муҳаббат билан қарашади. Бу уларнинг улғайиш жараёнини енгил ўтишга ёрдам беради, болаликни тўлиқ ҳис қилишга ундайди. Ўйинчоқ боланинг овунчоғи бўлиб қолмай, балки унинг жисмоний ва маънавий камолоти, асаб фаолияти, тафаккурининг шаклланишига ҳам катта таъсир кўрсатади. Шу боис ўйинчоқларнинг нафислиги, экологик тоза маҳсулотдан тайёрланганлиги, маънавий жиҳатларига эътибор қаратиши алоҳида аҳамиятга эгадир.
Кичик ёшдаги боланинг эслаб қолиш қобиляти кучли бўлади. Болаликда ҳис-ҳаяжон билан идрок этилган нарсалар бир умр эсда қолади. Шунинг учун ҳам болага ўйинчоқ олиб беришда эътиборлироқ бўлиш лозим. Қиз болалар учун юмшоқ ўйинчоқлар, ёки бўлмасам ўзбек миллийлиги акс эттирилган қўғирчоқалар совға қилиш тавсия этилади. Ўйинчоқлар хилма-хиллиги орасида ривожланишга ёрдам беришнинг ўрнига, психиканинг вайрон бўлишига ва тарбия бузилишига олиб келадиган ўйинчоқлар ҳам мавжуд. Масалан, қўрқинчли киборглар, юзлари бўялган, ярим-яланғоч қўғирчоқлар, чандиқлари ва сўгаллари бўлган хунук ҳайвонлар каби ўйинчоқлар шулар жумласидандир. Бу ўйинчоқларни олиб бериш умуман тавсия этилмайди. Оғил болаларга эса асосан ўзбек халқ эртаклари қаҳрамонлари ва уларнинг табиатига мос бўлган ўйинчоқларни совға қилиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, ўйинчоқнинг ранги, тузилишига ҳам эътибор қаратиш керак. Оч рангдаги ўйинчоқлар боланинг кайфиятини кўтаришга, унинг яхши ва хотиржам ухлашига ёрдам беради.
Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов олган сурат.