қандли диабет касалликларида қанд миқдорини сезиларли камайтириш хусусиятига эга эканлигини биласизми ?
Самарқанд давлат университети биология факультети магистри Мафтуна Қаюмова “Самарқанд вилояти шароитида арония ўсимлигининг биологик хусусиятлари” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Тадқиқотчи мазкур мавзу бўйича 10 га яқин мақолалар муаллифи.
– Илмий адабиётларда арония меваси доривор ўсимлик сифатида қайд этилади, - дейди Мафтуна Қаюмова. - Арониянинг 10 фоиз миқдорини шакар, яъни глюкоза ва фруктоза, спирт сорбит ташкил этади. Озиқ-овқатга ширин таъм беради ва инсонларда қандли диабет касалликларида қанд миқдорини сезиларли камайтириш хусусиятига эга. Ўсимлик мевалари П витаминларга бой. Меваси таркибида ўртача антатсион пигментларнинг миқдори 6,4 фоизни ташкил этади. Арония меваси таркиби микроелементларга бой бўлганлиги сабабли, бошқа ўсимликлардан тубдан ажралиб туради. Унинг меваси таркибида бор, фтор, ёдли бирикма, темир, мис, марганес, молибден бирикмалари мавжуд. Мевасининг умумий ишқорлик даражаси олма мевасидан 1,3 фоизга кам. Бундан ташқари арония мевасида нордон таъм берувчи пектин ва ошловчи моддалар билан бирга, гликозид амегдалинлари ҳам мавжуд. Арония меваси шифобахш ўсимликлар ичида энг кўп антиоксидант сақловчи мева ҳисобланади. Бу хусусият билан у қариш жараёнининг олдини олувчи маҳсулотлар сафига киради. Арония меваси таркибида минерал моддалар, витаминлар ва биологик актив моддаларнинг кўплиги унинг биокимёвий таркибини ўрганишда катта қизиқишларга сабаб бўлмоқда.
Табобатда арония меваси юрак-қон томир, жигар, қалқонсимон без, метаболик синдромлар, диабет, гипертония, ошқозон-ичак касалликларини олдини олиш ва даволашда ишлатилади. Маданийлаштирилган турлари озиқ-овқат, манзарали ва доривор ўсимлик сифатида экилади. Шу сабабли ҳам бу ўсимликни Ўзбекистонда маданийлаштириш ҳамда кўпайтириш усулларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Қора мевали арония таркибида биологик актив моддалардан ёд ва витаминлар кўплиги сабабли ундан олинган шарбатлар ёд танқислиги ва қон-томир касалликларини олдини олиш ва даволашда фойдаланиш мумкин. Қора мевали арония биологик актив моддаларга бойлиги сабабли қуруқ мевалари биологик актив қўшимча сифатида, нон саноатида ва қандолатчилик соҳасида фойдаланса бўлади. Шунингдек, фармасевтика саноатида арония плантатсияларини барпо этишда қаламча усулида кўпайтириш ва бунда икки йиллик новдалардан фойдаланиш тавсия этилади.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.