бўлиб, дори воситаларини инсон организмига сўрилишини тезлаштирадиган эмулгатор сифатида ишлатиш мумкин
Самарқанд давлат университети биология факультети магистри Зулхумор Бекқулова “Самарқанд вилоятида тарқалган ширач ўсимлигининг биоекологик хусусиятлари” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Мазкур мавзуга оид 10 га яқин мақолалари республика ва халқаро нашрларда чоп этилган. Илмий раҳбари ботаника кафедраси доценти Муртазо Ҳасанов.
– Самарқанд вилояти табиатининг бебаҳо гўзал набоботлари орасида ширач алоҳида ўринни эгаллайди, - дейди Зулхумор Бекқулова. - Ширач хушманзара, доривор, баҳорда кўкат сифатида исте'мол қилинадиган қимматли емиш олинадиган ёввойи ўсимликдир. Шу хислатлари сабаб бўлса керак унинг табиатдаги захиралари жуда тез камайиб бормоқда. Мавжуд 21 турдан 12 таси Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган. Ширач ер шари флораси айниқса, Марказий Осиёнинг ўзига хос қимматли ўсимликлар туркумидир. Унинг тасмасимон тожбарглари, жозибадор султон (шингил) тарзидаги тўпгули, юлдузсимон шаклли ва сариқ сутсимон суюқликка бой илдиз системаси кишининг эътиборини жалб этади. Ширачларнинг гули асалшира (нектар) га бой, қуриган поялари асалари қутилари учун ишлатилади, ёш барглари ва илдизлари қайнатиб ейилади, барглари С дармондорисига бой. Илдизларидан қадим замонларданоқ елим олинади ва шу сабабдан ширач деб аталган бўлиши мумкин. Барча қисмларидан ипак, жун, пахтадан қилинган матоларни сариқ рангга бўяйдиган бўёқ олинади.
Сўнгги йилларда ширач ўсимлигини ўрганиш ва уларда фойдаланишга катта эътибор берилмоқда. Ширач илдизида “эремуран” деб номланган полисахарид топилган ва у тиббиётда кўплаб дориларнинг организмга сингишини тезлаштирадиган эмулгатор сифатида ишлатилади.
Ширач фанда манзарали, озуқабоп, учувчан ва биологик фаол моддалар сақловчи ўсимлик сифатида ўрганилган. Ёзнинг ўрталаригача гуллаб туриши ва чиройлилиги билан кишиларнинг диққатини тез тортади. Шу сабабдан ёзда тоғ ва адирларда ёзги оромгоҳларда дам олувчилар, экскурсияга борувчилар ва ҳатто оддий йўловчилар қучоқ-қучоқ қилиб ширач териб юрганига кўп гувоҳ бўламиз. Бунинг натижасида ўсимликнинг уруғдан кўпайиш эҳтимоли жуда пасайиб кетади.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.