Самарқанд давлат университети биология факультети талабаси Маржона Ражаббоева “Қандли диабет касаллигини ўз вақтида аниқлаш ва даволаш чора-тадбирлари” мавзусида илмий тадқиқот олиб бормоқда. Ушбу мавзуга доир бир қатор мақолалари республика ва халқаро нашрларда чоп этилган. Илмий раҳбари генетика ва биотехнология кафедраси мудири, доцент Гавҳар Душанова.
— Қандли диабет глюкозанинг ўзлаштирилиши бузилиши билан боғлиқ бўлган ва инсулин гормонининг нисбий ёки мутлақ етишмовчилиги юзага келадиган эндокрин касалликлар гуруҳидир. Бунинг оқибатида қонда қанд миқдорининг турғун ошиши кузатилади. Касаллик сурункали кечиши, шунингдек углевод, ёғ, оқсил, минерал ва сув-туз метаболизми бузилиши билан характерланади. Касаллик жиддийлик даражасига қараб таснифланади.
Касалликнинг биринчи даражасида қон таркибидаги қанд миқдори инсулин билан бутунлай қопланади, бошқа кўрсаткичлар ҳам меъёрда бўлади. Касаллик фонида ривожланган патологиялар учрамайди, асоратлар кузатилмайди. Бундай натижага даволаш курсига тўлиқ амал қилиш ва парҳез тутиш ёрдамида эришилади.
Касалликнинг иккинчи даражасида кўриш фаолияти, буйрак, юрак-қон томир ва нерв толаларида шикастланишлар мавжуд бўлади.
Учинчи даражада касаллик фаол ривожланиши кузатилади. Қондаги глюкоза миқдор 3-14 ммол/л атрофида бўлади, юқори протеинурия кузатилади, шикастланган органлар аста-секин белги беришни бошлайди. Кўриш пасаяди, гипертония кузатилади, оёқларда ва бармоқ учларида сезувчанлик камаяди.
Қандли диабетнинг 4-даражасида мутлақ декомпенсатсия кузатилади. Глюкоза миқдори жиддий даражада кўтарилади, қанд миқдорини туширишга уриниш самара бермайди. Пешоб орқали оқсил ажралиши янада фаоллашади. Буйраклар етишмовчилиги юзага келади, терида яралар ва гангрена учраши мумкин. Комага тушиш хавфи ўта юқори бўлади.
Таҳлил натижаларига кўра, инсонларда ёш ўтган сари қондаги глюкоза миқдори ошиб борар экан. Бундан ташқари аёлларда, эркакларга нисбатан қандли диабет касаллигига мойиллик кучлироқ бўлиши аниқланди. Касаллик қанча эрта аниқланса уни даволаш йўллари ҳам шунча осон бўлади. Шу сабабли, катта ёшдаги инсонларга қондаги глюкоза миқдорини назоратда ушлаб туриш бўйича тез-тез тиббий кўрикдан ўтиб туриш тавсия этилади.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.