– Маълумотларга қараганда, юртимиз ҳудудида ҳар йили 35-40 минг гектардан ортиқ ер майдони полиз экинлари экиш учун ажратилади, - дейди Самарқанд давлат университети кимё факультети магистри Ирода Седалова, - Йиллик ҳосил 450-500 минг тоннани ташкил этади. Полиз экинларидан бир неча хил истеъмол маҳсулотлари олиш мумкин ва улар табобатда ҳам самарали ҳисобланади. Масалан, қовуннинг доривор хусусиятлари замонавий тиббиёт томонидан ҳам тасдиқланган. Уни истеъмол қилиш организмдаги кўплаб физиологик жараёнларни бошқаришга ёрдам беради. У буйрак, меъда, жигар касалликларида ҳамда атеросклероз, бронхит, сил, бод касалликларини даволашда ишлатилади.
Қовундан консервалар, қандалотчилик саноатида қиём ва мураббо тайёрлашда фойдаланилади. Аксарият ҳолларда, полиз ўсимликлари уруғлари чиқинди сифатида ташлаб юборилади. Аммо бу уруғлардан фарматцевтика ва тиббиётда ниҳоятда фойдали бўлган маҳсулотлар олиш мумкин. Полиз экинларидан олинадиган ёғ таркибида 53 хилдаги микро ва макро элементлар мавжуд. Жумладан темир, рух, магний, селен ва ҳоказо. Комплекс ёғда эрувчи витаминлардан А, Э ва Ф кўп учрайди. Витамин Э жуда кучли табиий антиоксидант ҳисобланиб, тирик организмлар ҳаётида катта аҳамиятга эга. Мен ушбу тадқиқотим жараёнида полиз экинларидан тарвуз, қовун ва қовоқ уруғларининг кимёвий таркиби ва хусусиятларини ўргандим.
Қовун уруғи таркибида 35 фоиз атрофида ёғ бўлиб ундан истеъмол ва даволаш мақсадларда кенг фойдаланилади. Тарвуз уруғи ёғи таркибида қўшбоғли ёғ кислоталар кўп бўлиб витаминлар ва микроелементларга бой ҳисобланади. Ундаги аминокислоталар буйракдаги туз-сув алмашинувини нормаллаштиради. Полиз экинлари уруғларидан олинган эфир мойи қон ва ҳужайраларда кислота-асос мувозанатини нормаллаштиради, буйракдаги тошлар эришини таъминлайди, простатит ривожланишини секинлаштиради, сил касаллигини даволашда липидлар алмашинуви ва холестериннинг мувозанатига таъсир этади. Организмни эрта кексайишдан ҳимоялайди. Гармонал фаолиятни кучайтиради, иммунитетни оширади ва яралар тузалишини тезлаштиради. Астма, экзема, аллергия, депрессия, қандли диабет ва бошқа бир қатор касалликларни даволашда қўлланилади.
Умуман олганда, тадқиқ этилган полиз экинлари уруғларидан олинадиган эфир мойларидан фармасевтика ва тиббиётда кенг фойдаланиш билан бирга косметик воситалар ишлаб чиқаришда хушбўйлаштиргич сифатида ҳам қўлланса бўлади.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати .
Шавкат Акрамов олган сурат.