Араб хурмоси “финикс палмаси” деб ҳам номланади. У Африка ва Осиё тропик ва субтропик минтақаларининг дарёларга яқин, ерости сув манбалари бор қурғоқ жойларида, водийларда, ботқоқликларда ўсади. Ёввойи тури маълум эмас. Барглари патсимон узунлиги ҳатто 15 метргача етади.
Араб хурмоси жуда фойдали ўсимликдир. Доимий равишда кунига 3-4 донадан хурмо еб туриш кўплаб касалликларга даво бўлиши, организмни ёшартириши исботланган. Ушбу мева овқат ҳазм қилишни яхшилаб, қон айланишини меъёрга келтиради. Холестеринни камайтиради. Араб хурмоси темирга бой. Камқонликда ҳам катта фойда беради. Унда фосфор, калсий кўп. Бу эса мия фаолияти учун жуда фойдали. Тунги уйқу олдидан бир пиёла қайнаган сув билан 2-3 та хурмо ейилса, уйқу яхшиланади ва ичаклар фаолияти нормаллашади. Хурмо юқори қон босимини туширади, қаришнинг олдини олади. Хурмо таркибида 60-65 фоиз углевод бўлган ягона мева туридир.
Маҳсулотнинг фторга бойлиги тишларни кариесдан ҳимоя қилади. Шунингдек, унинг таркибида рух, темир, магний, калий, марганец, альюминий, натрий, кобальт, кадмий, бор каби микроэлементлар ва минераллар учрайди. Хурмонинг энг фойдали хусусиятлардан бири унинг таркибида холестерин моддаси мавжуд эмас. У ақлий қобилиятни ривожлантириб, иш суръатини ошириш хусусиятига эга. Фоли кислотаси ва Э витаминига бойлиги сабаб, у сочлар илдизини мустаҳкамлаб, тирноқларнинг синувчанлигини олдини олади ҳамда организмдаги йўқотилган калий ўрнини тиклайди. Мазкур мева юрак қон-томир касалликлари, хавфли ўсма, сил, аритмия, гипертония (қон босимининг юқори бўлиши) билан боғлиқ касалликларда тавсия этилади.
Араб хурмоси инсон организмига ошқозон ости безида инсулиннинг бир маромда ажралишини таъминлашга ёрдам беради ва шу тариқа қондаги қанд миқдорини нормаллаштиради. Эмизикли даврда сут гормонларини фаоллаштириб она сутининг ортишига олиб келади. Қонда қанд миқдорининг камайиши ҳисобига очлик ҳисси пайдо бўлади, хурмо егандан сўнг бу ҳис йўқолади. Шунинг учун ушбу мевани парҳез вақтида ҳам бемалол истеъмол қилиш мумкин. Мева мияни тинчлантирувчи ва бироз уйқу чақирувчи хусусиятга эга ҳисобланади. Мия ва асаб тизими фаолиятини тўлиқ тиклайди. Энергетик қуввати янги пишган мевада 142- 274 калорияга тенг. Шунинг учун ҳам уни ширинлик ўрнига қўрқмай истеъмол қилиш мумкин, сабаби семиришга олиб келмайди. Олимларнинг фикрича, инсон бир кунда 10 дона хурмо истеъмол қилса, магний, мис, олтингугурт, темир, калсий каби моддаларнинг 1 суткалик ўрни қопланади.
– Араб хурмоси палмадошлар оиласига мансуб бўлиб, палмалар тропик мамлакатларнинг энг қимматбаҳо ўсимликларидан ҳисобланади, - дейди Самарқанд давлат университети биология факультети магистри Машҳура Акмалова. - Палмаларнинг пояларидан устун, баргларидан ғилоф, пояларидан олинган толалардан эса чўткалар тайёрланади. Асосан манзарали ўсимлик сифатида экилади. Палмаларнинг турлари офис, ташкилот, ферма, атроф-муҳит ва бошқа жойларни кўкаламзорлаштиришда кенг қўлланилади. Тадқиқотимда лаборатория шароитида палмаларнинг биологик хусусиятлари бўйича тўпланган маълумотлардан фойдаланиб араб хурмосининг униб чиқиш шароити ва морфобиологик хусусиятларини ўрганишга ҳаракат қилдим.
Тадқиқотчи “СамДУ оранжереясида палмадошлар оиласига мансуб турларнинг морфобиологик хусусиятлари” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Мазкур мавзуга оид 10 га яқин мақолалари республика ва халқаро нашрларда чоп этилган. Илмий раҳбари ботаника кафедраси доценти Илҳом Муқимов.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.