археологик қазишма ишлари натижасида қалъанинг шаҳристон қисмида мудофаа деворлари борлиги аниқланди, сомонийлар ва қорахонийлар даврига оид бўлган танга-пуллар топилди...
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ўқитувчилари ва талабалари ҳамда Самарқанд археология институти илмий ходимлари Марказий Осиёдаги йирик ва муҳим тарихий минтақа ҳисобланган, қадимги Суғднинг йирик манзилгоҳларидан бири - кўҳна Дабусия ёдгорлигида археологик қазишма ишларини олиб бормоқда.
Қалъанинг шаҳристон қисмида олиб борилган қазишмалар натижасида қалинлиги 2-4 метрли мудофаа девори мавжудлиги аниқланди. Унинг ўрни очиб ўрганилганда, турар-жой ўринлари, сомонийлар ва қорахонийлар даврига оид бўлган танга-пуллар қайд этилди.
- Дабусия ёдгорлигининг устки қисмида металл тошқолларнинг қайд этилиши, ўрта асларда бу кўҳна кентда нафақат кулолчилик ва ҳунармандчилик, балки, металсозликнинг ҳам ривожланганлигидан гувоҳлик беради, - дейди СамДУ докторанти, экспедиция аъзоси Акбар Назаров. - Шунингдек, Дабусияда 20 дан ортиқ бўлган бадраф ўринлари ҳам аниқланди. Бу ўрта асрларда Суғдда гигиенага ҳам эътибор берилганлигини англатади.
Маълумот учун, экспедицияга СамДУ ўқитувчиси, Самарқанд археология институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродов раҳбарлик қилмоқда. Шунингдек, Самарқанд археология институти катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Алишер Сандибоев, Самарқанд давлат университети докторантлари Ғайрат Муҳаммадиев ва Акбар Назаров ҳамда талабалар экспедиция аъзоси сифатида қазишма ишларини олиб бормоқда.
Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.