Ҳозирги вақтда бутун дунёда автотранспорт ва саноатнинг жадал ривожланиши билан атмосфера ҳавоси таркибидаги ис газини аниқлашга талаб ортиб бормоқда. Шу сабабли ис газини аниқлашнинг селектив усуллари ва сезгир кимёвий сенсорларини яратиш муҳим аҳамиятга эга. CО2 яъни ис гази атмосфера ҳавосининг зарарли ва портловчан таркибий қисмларидан биридир. Статистик маълумотларга кўра, сўнгги ўн йилликда углерод (II) оксиди билан зарарланишдаги ўлим ўткир зарарланишдан вафот этганларнинг 23,4 фоизини ташкил этган. Шу сабабли газ сезгир яримўтказгичли материалларнинг янги авлодини яратиш ва улар асосида атмосфера ҳавоси, технологик ва чиқинди газлардаги углерод (II) оксиди миқдорини аниқлашни таъминловчи селектив яримўътказгичли газ сенсорларини яратиш муҳим масалалардан ҳисобланади.
Самарқанд давлат университети кимё факультети магистри Шаҳноза Пардаева “Ис газини аниқловчи сенсор учун газ сезгир плёнка таркибини танлаш” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради.
Жаҳонда зарарли ва портловчан газларнинг яримўтказгичли сенсорлари учун юқори самарали газсезгир материалларни яратиш борасида кенг қамровли тадқиқотлар олиб борилмоқда, - дейди тадқиқотчи Шаҳноза Пардаева. - Яримўтказгичли сенсорларнинг тавсифлари турли омилларга, жумладан газсезгир материалларнинг таркибига боғлиқ бўлиб, улар газлар аралашмаси таркибини аниқлашда юқори сезувчанлик ва селективликни таъминлашда муҳим рол ўйнайди. Бу борада, яримўтказгичли сенсорнинг газсезгир материалининг таркибий қисмлари оптимал таркибини ва нисбатларини танлаш муҳим аҳамият касб этади.
Республикамизда атроф-муҳит объектлари таркибининг назоратига алоҳида эътибор қаратилиб, атмосфера ҳавоси таркибини назорат қилиш усуллари ва асбобларини яратиш бўйича муайян натижаларга эришилмоқда. Бу борада селектив газ сезгир материалларни ишлаб чиқиш ва улар асосида импорт ўрнини босувчи сенсорларни яратиш, юқори самарали, замонавий тезкор газ анализаторлар ва таҳлил усулларини ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу илмий тадқиқот ис газини аниқловчи сенсор яратиш усул ва технологиялари, газ сезгир материалларни тайёрлаш жараёни каби масалаларга қаратилган бўлиб, у орқали ишлаб чиқилган газ сезгир материал асосида, ис газини рухсат этилган меъёр даражасида селектив аниқловчи сенсорлар ишлаб чиқишни йўлга қўйиш мумкин бўлади.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.