Иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг ҳозирги босқичида аҳолини керакли озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш муаммоси асосий ўринда туради. Бу муаммони ҳал этишнинг йўли фақатгина қишлоқ хўжалигидаги экин майдонларидан унумли фойдаланиш ва ҳосилдорликни оширишдан иборат. Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ўғитлар муаммоси биринчи ўринда туради. Чунки, мамлакатимизда минерал ўғит ишлаб чиқариш саноати кенг ривожланган. Бироқ, ўсимликнинг ўзлашувчанлик даражасини ошириш, ишлатилаётган хомашёдан тежамкорлик асосида фойдаланиш, ўғитнинг сифатли бўлиши учун бу борадаги илмий тадқиқотларни давом эттириш тақозо этилади.
Ҳозирги кунда минерал ўғитнинг фосфорли, азотли ва калийли турларига эътибор берилади. Бунинг боиси, азотли ўғит ўсимлик танасини ўстиришга, калийли ўғит ўсимлик танасини мустаҳкамлашга ва фосфорли ўғит эса ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади. Булардан ташқари таркибида мис, рух каби микроелементларни, қолаверса, калий, азот ва фосфорни тутган комплекс ўғитлар ишлаб чиқаришга кенг имконият яратилиши борасида илмий ишлар амалга оширилмоқда. Ўсимликларни зараркунандалардан ҳимоя қилиш ва ўсиш жараёнини самарали тезлаштиришда олтингугуртнинг аҳамияти катта.
Самарқанд давлат университети кимё факультети магистри Мадина Тиркашева “Гидрофил олтингугурт олиш технологияси” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Мазкур мавзуга доир бир қатор мақолалари республика ва халқаро нашрларда чоп этилган.
– Ўсимликларни ҳимоя қилиш жараёнида олтингугурт билан озиқлантириш ҳам алоҳида ўринга эга - дейди Мадина Тиркашева. - Олтингугурт ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланиши учун жуда зарур бўлиб, у ўсимлик учун муҳим макроелементлар билан бир қаторда туради. Унинг етишмаслиги эса ўз-ўзидан ҳосил сифатининг пасайишига ва қишлоқ хўжалик экинларининг ривожланиш босқичларида турли хил касалликларга чалинишига олиб келади. Бунинг натижасидаб йил сўнггида кутилган ҳосилни олишга эришилмайди. Тупроқ таркибидаги олтингугурт ўсимликларнинг меъёрда ўсиши учун етарли бўлмайди. Барча турдаги экинларнинг ўсишини тезлаштириш учун 2-5 маротабагача майдаланган ёки коллоид ҳолдаги олтингугурт билан ишлаш тавсия этилади. Чунки, олтингугурт ҳашоратларни ўзидан қочирувчи (чўчитувчи) хусусиятга эга. Лекин, олтингугурт гидрофоб (намланмайдиган) хусусиятга эга бўлиши унинг самарадорлигини камайтиради ва олтингугуртли кимёвий препаратларни олинишини қийинлаштиради. Инсектицид моддалар ичида олтингугуртли дорилар инсон ва чорва молларига зарарли эмас.
Олтингугурт республикамиздаги кенг қўлланиладиган маҳаллий инсектицид моддалардан бири бўлганлиги учун, фосфоритларни олтингугурт ёрдамида фаоллаштириб инсектицид фаолликга эга бўлган фосфор-олтингугуртли ўғитлар олиш долзарб муаммодир. Фосфоритларни олтингугурт иштирокида фаоллаштириш натижаси фосфорнинг ўсимлик ўзлаштирувчан ва олтингугуртнинг гидрофил (намланувчи) шаклига ўтказиш натижасида фосфорли ўғитлар олишда сарфланадиган сулфат кислота сарф миқдори тежалади ва олинган ўғитларнинг иқтисодий жиҳатдан самарадорлиги юқори бўлади.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.