Илмий тадқиқот билан шуғулланиб келаётган ёшлар бугун жамиятимизда ўз ўрни ва овози билан алоҳида эътирофга сазовор бўлмоқда. Шу жумладан тадбиркорлик билан шуғулланиб, ўзи пул топаётган ёшлар ҳам. Хўш, бу икки тоифа ёшлардан қай бири жамиятга кўпроқ фойда келтиради? Бу саволга кимдир “Албатта, илм-фан билан шуғулланаётган ёшлар” деса, кимдир “Эртанги кун тадбиркорларнинг қўлида” дейиши мумкин. Аммо талаба, ҳам илмий тадқиқот, ҳам тадбиркорликни бирга олиб бораётган бўлса-чи?!
Юлдуз Очилова – Самарқанд давлат университети биология факультети талабаси. Жорий йилда полиз экинларини парваришлаш, ҳосилдорлик кўрсаткичларини ошириш бўйича илмий тадқиқот олиб бориш мақсадида СамДУ ботаника боғидан ер ижарага олган ва бодринг эккан. Кейин ушбу ўзига ажратилган жойни бироз кенгайтириб, катта майдонда бодринг етишитиришни йўлга қўйган. Юлдуз шу кунга қадар ярим тоннадан ортиқ ҳосил олиб, аҳоли истеъмоли учун сифатли ва қулай нархдаги бодринг етказиб бермоқда.
– Ушбу ишимиз тадбиркорликка боғлаган ҳолда илмий тадқиқот олиб боришнинг бир кўринишидир, - дейди Юлдуз Очилова. – СамДУ ботаника боғи ерларидан унумли фойдаланиш асосий вазифа сифатида қўйилган бир даврда ушбу тадқиқотимиз кўплаб эътирофларга лойиқ кўрилмоқда. Парваришланаётган бодринг навларидан шу кунгача 500 кг дан ортиқ миқдорда ҳосил олдик. Уларни бозор ва озиқ-овқат дўконларига белгиланган нархда сотиш орқали ўз даромадимни ишлаб топдим. Эндиликда устозларим, ботаника кафедраси мудири, доцент Хислат Ҳайдаров ва Бўстон Исломов раҳбарлигида бодринг ҳосилдорлик кўрсаткичларини янада ошириш ва шу билан бирга арча, қарағай, каштан каби манзарали дарахтларни кўпайтириш усулларини ўрганиш устида ҳам иш олиб боряпман.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.