Самарқанд давлат университетида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди
Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Сенатор, Конституциявий комиссия аъзоси Рустам Холмуродов СамДУ профессор-ўқитувчилари ва олимлари билан мазкур мавзуга оид таклифларни муҳокама қилди.
Қонун лойиҳаси муҳокамасида ҳар бир зиёли фаол иштирок этиши зарурлиги алоҳида таъкидланиб, кейинги йилларда таълим тизимида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар, Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича фикр билдирилди.
-Сўнгги йилларда мамлакатнинг тараққиёти вектори шу қадар ўзгардики, даврнинг ўзи 30 йил аввал, қабул қилинган Конституцияга тузатишлар ва ўзгартиришлар киритишни тақозо этмоқда, - дейди СамДУ ректори Рустам Холмуродов. - Қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган кундан бошлаб, бир қатор масалалар, жумладан, инсон қадрини улуғлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, таълим сифатини назорат қилиш ва томонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш масаласига доир таклифлар келиб тушган. Таклиф ва мурожаатлардан келиб чиқиб, Қомусимизнинг тегишли моддаларига ўзгартириш киритиш фикри илгари сурилмоқда. Биргина 41-модданинг ўзига ўнга яқин бандлар қўшилиши белгиланган. Педагог ходимларнинг ҳуқуқлари, шаъни ва обрў-эътибори давлат томонидан ҳимоя қилиниши, уларнинг касбий фаолиятига аралашишга, шунингдек, хизмат мажбуриятларини бажаришга монелик қилишга йўл қўйилмаслиги алоҳида белгилаб қўйилди. Ўзбекистоннинг Янги Конституцияси мамлакатда ҳаракатда бўлиши лозим бўлган миллий ғоя тамойиллирини таъминлайдиган ҳамжиҳатлик намунасига айланмоқда.
Қайд этиш жоизки, Конституцияда мавжуд 128 модданинг 66 тасига жами 200 дан ортиқ ўзгартириш киритилиши таклиф этилган. Мазкур ўзгартиришлар суд-ҳуқуқ тизими, сайлов қонунчилиги, президентлик лавозими ваколатлари, Олий Мажлис қонунчилиги, сиёсий ҳуқуқлар бўйича бобларга тузатишлар киритилишини кўзда тутади.
- Амалдаги Конституциямиз 30 йил давомида халқимизга хизмат қилди, - дейди филология фанлари доктори, профессор Суюн Каримов. - Қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган кундан бошлаб, 66 мингдан зиёд таклиф ва мурожаатлар келиб тушган. Бу халқимизнинг Ватан тақдири ва келажагига бефарқ эмаслигининг ўзига хос далилидир. Бу ўзгаришларга зиёлилар албатта, муносабат билдириши керак. Бизнинг вазифамиз мазкур янгиликларни халққа етказишимиз. Бу борада ҳар бир зиёли, илм аҳллари фаоллик кўрсатиши лозим.
- Қонун лойиҳасининг муҳокамага қўйиган янги кўринишида аёллар ва хотин-қизлар масаласига бўлган эътибор мени жуда қувонтирди, - дейди профессор Маҳкамой Турсунова. - Таклиф қилинаётган ўзгартиришларда хотин-қизларга бериладиган қўшимча имтиёзлар, янгидан-янги имкониятлар ўз аксини топган. Бу ислоҳот жамиятда аёлларнинг ўрнини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлиши, шубҳасиз.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.