Ҳиндистоннинг Ҳисоблаш фанлари ва муҳандислик мактаби, Галготиас университети профессори Муниш Сабҳарвал билан суҳбат
- Самарқанд давлат университети ҳақида нималарни биласиз? Нега айнан бизнинг университетимизни танладингиз?
- СамДУ профессори Мухтор Носировнинг Ҳиндистонга ташрифи чоғида Самарқанд давлат университети ҳақида эшитдим ва у мени 2018 йилда СамДУга сунъий интеллект бўйича икки ҳафталик профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш дастурида иштирок этиш учун таклиф қилди. Ана ўша вақтдан буён Самарқанд давлат университети рақамли технологиялар факультети профессор-ўқитувчилари менга қадрдон бўлиб қолди.
- Самарқанд давлат университети рақамли технологиялар факультети билан ҳамкорлик қандай давом этмоқда?
- Биз факультет профессор-ўқитувчилари билан биргаликда “Ҳиндистон-Ўзбекистон таълим бўйича ҳамкорлик гуруҳи”ни ташкил қилдик. Факультет билан алоқаларим шу гуруҳ ёрдамида шаклланди, хусусан, профессор Мухтор Носиров, профессор Акмал Ахатов, Шаҳзод Сувонов, Ибодулла Химматов, Файзулла Назаров билан алоқаларим мустаҳкамланди. Ташрифдан кейинги давр мобайнида мен Самарқанд давлат университетининг рақамли технологиялар факультетига ташриф буюрувчи профессор этиб тайинландим. Шунингдек, Шаҳзод Сувонов ва Ибодулла Химматовга хорижий илмий маслаҳатчи бўлдим.
Ўзаро ҳамкорликдаги тадқиқот йўналишида профессор Акмал Ахатов, Шаҳзод Сувонов, Ибодулла Химматов, Файзулла Назаров билан бир қаторда илмий мақолалар, китоблар, конференция маърузалари чоп этилган.
Масалан, биз Шаҳзод Сувонов билан IET (Institutions of Engineering and Technology) томонидан нашр этилган “Электрон соғлиқни сақлаш тизимларида сунъий интеллектнинг қўллаш” китобини якунладик, у Амазонда 2022-йил 15-июлдан 115 фунт стерлинг нархида сотувга чиқади.
Ёки Буюк Британиянинг IOP Publishers нашриёти томонидан профессор Акмал Ахатов ва Файзулла Назаров иштирокида чоп этилаётган “Масофавий таълим технологиялари” китобини якунлаш арафасидамиз.
Шунингдек Шаҳзод Сувонов билан иккита SCOPUS индексли мақола чоп этдик ва битта SCI индексли “Нейрон тармоқлар ёрдамида юрак хасталикларини башорат қилиш” номли мақоламиз таҳрир остида турибди.
Мен Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчиларини Ҳиндистондаги университетимга ишга таклиф қилган эдим. Шаҳзод Суванов ва Ибодулла Химматов 4 ҳафта давомида у ерда фаолият олиб борди. Самарқанд давлат университетининг Шаҳбоз Савриев каби бир қанча талабаларга тавсия мактублари бериб, дунёнинг бир неча университетларига, хусусан, Япония, Германия, АҚШ олий таълим муассасаларида таълим олиш учун маслаҳат бердим.
Бунёд Эштемировга эса 8 ҳафталик амалиёт учун Ҳиндистонга ташриф буюришни таклиф қилдим.
Хусусан, ташрифим давомида Самарқанд давлат университети олимлари учун магистрлик ва номзодлик диссертациясини баҳолашда ҳам қатнашдим.
- Ўзбекистоннинг ҳозирги ёшларида қандай ўзгаришларни кўряпсиз?
- Мен Самарқандда ҳам, Тошкентда ҳам ўзбек ёшлари билан учрашганимда ижобий ўзгаришларни кўраман. Уларда, айниқса, шу жамият учун, мамлакат учун бирор нарсага эришиш ва уни амалга ошириш истагини кўраман.
- Ўзбекистондаги талаба-ёшларнинг келажакдаги тараққиёти ва ўсиши учун қандай тавсиялар бера оласиз?
- Ўзбекистонда ёшлар глобал миқёсда рақобатлаша олишлари ва технология нуқтаи назаридан яхши билимга эга бўлишлари учун менинг кузатувларим асосида қуйидагича тавсияларни берган бўлардим:
Биринчидан, Ўзбекистон талабалари инглиз тили бўйича билимлари устида ишлашлари зарур ва улар IELTS имтиҳонидан камида 7.0 баллга эга бўлишлари керак.
Иккинчидан, улар сунъий интеллект, машинали ўрганиш, киберхавфсизлик, графика ва ўйинлар, булутли ҳисоблаш, кенгайтирилган ва виртуал ҳақиқат, юқори унумдорликдаги ҳисоблашлар каби илғор технологияларда ишлаётган ИТ кўникмаларини оширишлари керак.
Учинчидан, улар саноат жараёнларини автоматлаштиришни ўрганишлари керак.
Хусусан, университет ва умуман ҳукумат кейинги уч-беш йил давомида юқоридаги учта кузатиш устида ишласа, яқин келажакда биз ажойиб ўзгаришларни кўришимиз мумкин. Чунки ёшлар муваффақиятга иштиёқли ва чанқоқ. Бу аслида асосий ҳаракатлантирувчи куч ҳисобланади.
- Бу сафарги ташрифингиз давомида нималар қилмоқчисиз?
- Жорий ташрифим давомида мен AI ва IoT бўйича Ҳиндистон-Ўзбекистон қўшма малака ошириш марказини (Галготиас университети, Ҳиндистон ва Самарқанд давлат университети, Ўзбекистон) очиш ва амалиётга жорий этиш ниятидаман.
Шунингдек, Ҳиндистоннинг Буюк Ноида шаҳридаги Галготиас университетидан етти нафар профессор ва Самарқанд давлат университети рақамли технологиялар факультетидан етти нафар профессор-ўқитувчилардан иборат бўлган профессорлар консорсиумини тузиш ниятидаман. Улар илғор технологиялар соҳалари ва конференция маърузалари, илмий мақолалар, китоблар ҳамда китоб бўлимлари ва бошқаларни нашр этади.
Мен рақамли технологиялар факультети профессор-ўқитувчилари учун сунъий интеллект бўйича маърузалар олиб бораман.
Самарқанд давлат университети рақамли технологиялар факультетининг барча профессор-ўқитувчиларини IEEE, ACM, SPIDER ва бошқалар каби профессионал ташкилотларга аъзо қилишлари, уларга SSIE,SSI, ESSI тадқиқот индекслари ҳақида билим олишларига ёрдам бераман. Уларга SCOPUS, Research Gate, Publons, Orcid ID ва бошқалар каби платформалар орқали дунё тадқиқот жамоатчилиги билан бог'ланиш бо'йича маслаҳатлар бераман.
- Ўзбекистон учун келажакдаги режаларингиз қандай?
- Мен Ҳиндистондаги университетим Галготиас университети билан ҳамкорликда профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви дастурларини бошлаш ва икки университет ўртасидаги ҳамкорликдаги тадқиқотларни янада мустаҳкамлаш ниятидаман. Бундан ташқари, мен таъкидлаган тавсияларни, университет қайси йўл билан қилишни афзал кўрса, уни амалга оширишга ўзимнинг ҳиссани қўшишим мумкин.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.