Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Сенатор, Конституциявий комиссия аъзоси Рустам Холмуродовнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган мулоқоти СамДУ талабалари билан бўлиб, ўтди.
Рустам Холмуродов муҳокамага қўйилган қонун лойиҳасида янгиланиш тамойиллари акс этганини таъкидлаб, қонун лойиҳасига муносабат билдиришда ҳар бир ёш фаол иштирок этиши кераклигини таъкидлади.
Конституциямизга киритилаётган ўзгартишлар ҳақида маълумот берар экан, янгиланаётган бандлар инсон қадрини улуғлаш, инсон манфаатларини ҳимоялаш, таълим, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини, бу ислоҳотларни Конституциямизда ҳам белгилаб қўйишнинг вақти келганлигини таъкидлади.
Давлатимизнинг Асосий Қонуни одамлар олдига янги талаблар қўйиш учун эмас, инсон қадрини улуғлаш ва қулай ҳаёт шароитларини яратиш учун хизмат қилиши кераклиги, шу боисдан таклиф этилаётган Қонун лойиҳасида ушбу масалалар янада мустаҳкам белгилаб қўйилгани ҳақида фикр билдирди.
Қонун лойиҳаси муҳокамасида талабаларнинг савол ва таклифлари тингланиб, муҳокама қилинди.
- Бугунги мулоқотда Конституциямизга киритилаётган ўзгаришлар ҳақида атрофлича фикр алмашдик, - дейди СамДУ филология факультети талабаси Маҳлиё Суюндиқова. - Айниқса, Конституциямизнинг 41-моддасига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар бизни жуда қувонтирди. Мактабгача таълим ва тарбия масаласи, истеъдодли ёшларнинг таълимни давом эттириш кафолатлари Бош Қомусимизда белгиланиши алоҳида эътирофга лойиқ.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.