Марказий Осиё ирригация ва мелиорация бўйича узоқ тарихга эга. Бу соҳаларда ҳудудни дунё бешиги деб аташ ҳам мумкин. Қуйи Амударё ва Қуйи Сирдарё, Зарафшон, Қашқадарё, Сурхондарёнинг этакларида суғориш қадимдан ривожланганлиги туфайли бу жойларда энг қадимги каналлар ҳозиргача сақланиб қолган. Aмударё дельтасига инсон хўжалик фаолияти таъсири ўртача бундан 3,5 минг йил олдинги даврга тўғри келади. Шу вақт ичида инсон бу ерда ўн минглаб километр суғориш тармоқларини барпо этди, миллионлаб гектар ерларни ўзлаштирди ва баъзан уни ташлаб кетди. Бу ерда одамларнинг ўзгарувчан фаолияти шу қадар кучли эдики, у Aмударё оқимининг йўналишини ўзгартирди. "Тирик" дельтадан жанубда жойлашган узоқ муддатли суғориладиган ҳудудларда табиий ландшафтлар қишлоқ хўжалиги ва фитодигрессия модификациялари билан алмаштирилди.
Амударё дельтаси - бўш ерларнинг катта заҳиралари мавжуд бўлган Ўрта Осиёда суғорма деҳқончиликни янада ривожлантиришнинг истиқболли ҳудудларидан бири ҳисобланади. Дельтанинг агроиқлим шароити техник, ғалла экинлари етиштириш, чорвачилик учун мустаҳкам озуқа базасини яратишга хизмат қилмоқда. Амударё дельтаси ерларининг табиий-мелиоратив ҳолати Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига нисбатан жуда мураккаб ва ўзига хос бўлиб, бокира ландшафтларни ўзлаштиришда, суғориладиган майдонларнинг ҳолатини яхшилашда тупроқ-мелиоратив аҳволи ҳисобга олиниши зарур, деб ўйлайман.
Аввало мелиорация сўзига тўхталиб ўтсак, Мелиорация сўзи лотинча “melioraio — yaxshilash” деган маънони билдиради. Қишлоқ хўжалиги мелиорацияси — ерларнинг унумдорлигини тубдан яхшилашга қаратилган ташкилий хўжалик, муҳандислик ва агротехник тадбирлар туркуми. Мелиорация табиий шароитлар (тупроқ, гидрологик, иқлимий ва бошқалар) мажмуини керакли йўналишда ўзгартириш; тупроқда экинларни етиштириш учун қулай бўлган сув, ҳаво, ҳарорат ва озиқ режимини, атмосферанинг ер юзасига яқин қатламида ҳавонинг ҳарорати ва ҳаракатини ўзгартириш имкониятини беради. Мен бу тадқиқот ишимнинг дастлабки бобини Амударё дельтаси ҳавзасининг табиий географик тавсифи деб номлаганман.
Аввало Амударё дельтасига тўхталиб ўтсак, Aмударё дельтаси жанубий Орол бўйидаги делъта ҳисобланади. У ғарбда Устюрт платоси, шимолида Орол денгизининг 1961-йил гача бўлган қирғоқ чизиқлари, шарқда шимоли-ғарбий Қизилқум, Белтов баландлигининг ғарбий ва жануби-ғарбий этаклари, Оқчадарё дельтасининг шимоли-ғарбий чеккалари, жануби-шарқда Қизилқум, жанубида Сариқамиш бўйи дельтасига чегарадош. Дельта жанубда Тахиатош дараси яқинида ҳозирги Тахиатош ГЭСи ҳудудидан бошланиб, шимолда Орол денгизининг жанубий соҳиллари билан чегарадош. Тахиатош танглигидан шимоли ғарбга қараб Aмударёнинг ҳозирги замон дельтаси бошланади. Дельта бу қисмда кенгаяди (140—150 км) ва пасайиб, мутлақ баландлиги 60 — 95 м га тушиб қолади. Амударё дельтасининг майдони Орол сув сатҳининг пасайиши ҳисобига кенгайиб бормоқда. Амударё дельтаси ландшафт ҳосил қилувчи табиий омилларнинг ҳозирги ҳолати, Табиий комплекслар структураси ва дельтада ирригациянинг ривожланиши ҳақида ёзилган илмий ишлар, диссертациялар, монографиялар ва бошқа қўшимча адабиётлар билан танишиб, таҳлил қилиб илмий тадқиқот ишимда фойдаланиб келмоқдаман.
Ишимнинг кейинги бобида Амударё дельтаси табиий комплексларини инсон хўжалик фаолияти таъсирида ўзгаришини ўрганиб таҳлил қилаяпмиз ва буни 3 та гуруҳга бўлиб ўрганаяпмиз. Булар: ХХ асрнинг 1960-1990 йиллар, 1990-2020 йиллар ҳамда 2020 йил ва ундан кейинги даврда табиий комплексларнинг ҳолати ва мелиоратив аҳволи ҳақида маълумотларни олиб таҳлил қилиб чиқаяпман. Таҳлил қилиб чиққанимиздан сўнг эса Амударё дельтаси табиий комплексларининг мелиоратив аҳволини яхшилаш масалалари бўйича таклиф ва тавфсиялар ишлаб чиқилади.
Ўзбекистонда, шу жумладан, Амударё дельтасида ерларни мелиорациялашнинг асосий вазифалари - тупроқ шўрланиши ва ботқоқланишини олдини олиш ва бу жараёнларга қарши курашиш, қуруқ ерларни ўзлаштириш, сув ва шамол эрозиясига қарши курашиш, ерларни рекультивациялаш, тупроқнинг зичланиши ва гумус миқдорининг камайишини (дегумификациясини) олдини олиш, тупроқ ифлосланишига, саҳроланишига ва бошқа салбий жараёнларга қарши курашиш бош мақсад ҳисобланади. Мелиоратив чора-тадбирлар тизимлари ҳар ҳил табиий шароитдаги минтақалар учун турлича бўлиб, бу тадбирларни ишлаб чиқиш тупроқларнинг пайдо бўлиши (генезиси) ва уларнинг хоссалари тўғрисидаги чуқур билимга эга бўлишни тақозо этади. Ирригацион тизимлардан фойдаланиш меъёрларининг бузилишига, уларни фойдали иш коэффициентларининг пасайишига, ҳамда беҳуда сув сарфланишига йўл қўйилган тақдирда сизот сувлари сатҳининг кўтарилиши ва минерализация даражасининг ортиши оқибатида фаслий шўрланиш аста-секин «доимий доғли» кўринишга ўта бошлайди. Доимий доғли иккиламчи шўрланиш эса экинларда олачипорлик содир этиб, маданий экинларни нормал ўсиш ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатгани холда олинадиган ҳосилнинг миқдор ва сифатини кескин пасайишига олиб келади. Албатта диссертациямнинг кейинги боби шу масалалар асосида олиб борилади. Бунда биз сўғориладиган ерларнинг ландшафт мелиоратив ҳолатини яхшилашнинг географик асосларига, сўғорма ерларни типларга бўлиш, табиий комплексларнинг кадастирини тузиш ва амалда қўллаш ишлари ҳамда Амударё дельтасидаги табиий мелиоратив жиҳатдан ерларни яхшилаш мақсадида районлаштиришга эътибор қаратамиз.
Илмий тадқиқот объектимни бориб кўриш ва қўшимча маълумотлар тўплаш мақсадида ЎзР ФА Сейсмология илмий тадқиқот институти ҳамда ЎзР ФА Қорақалпоқ табиий фанлар бўлими билан ҳамкорликда 2022 йил 22 майдан 30 майгача дала тадқиқот ишларини амалга ошириш учун Орол денгизи қуриган қисми ва Амударё дельтасига экспедицияга чиқиб келдик. Экспедиция давомида бизлар Мўйноқ туманида яшаб келаётган маҳаллий аҳоли вакиллари билан Орол денгизининг қуриган жойларидан учиб келаётган қум, туз ва чанг бўронлари, қанча вақтда такрорланиб туриши ҳамда уларниг маҳаллий аҳоли саломатлигига таъсири мавзуларида суҳбатлар ўтказилиб, ўзимизга керакли маълумотларга эга бўлдик. Орол денгизининг қуриган жойларидан ҳамда Амударё дельтаси ерларидан 50-80 см чуқурликда чуқурчалар қазиб тупроқ қатламларидан намуналар олиб келдик. Олинган наъмуналарни текшириш учун Сейсмология тадқиқот институтига юбордик. Олиб борилган тадқиқот натижаларидан илмий ишларимизда фойдаланамиз.
Бугунги кунгача илмий тадқиқот ишим бўйича Республика ва хорижий илмий журналлар ва конференцияларда 10 дан ортиқ мақолалар чоп этганмиз.
Элёр Файзиев,
Самарқанд давлат университети докторанти.
Илмий раҳбари - Ўз ФА Сейсмология илмий тадқиқот институти директори, профессор Ваҳоб Рафиқов.