Яқиндагина дунёнинг нуфузли ва топ рейтингларида юқори ўринларда турувчи АҚШ нинг Нью-Йорк ҳамда Гарвард университети талабаларига дарс бериш мақсадида хизмат сафарида бўлган Самарқанд давлат университети профессори, Жаҳон физиологлар жамияти академиги, Рим университети фахрий профессори Бакриддин Зарипов сафар таассуротлари билан ўртоқлашди.
- Гарвард университети дунёнинг етакчи университетларидан бири ҳисобланади. Ушбу университетнинг ажойиб бир шиори бор – ҳақиқат, - дейди Бакриддин Зарипов. - У ерда ҳамма нарса ҳақиқатга асосланган. Дейлик, билими бўлмаган талаба кейинги курсга ўтмайди. Мен ўзим шахсан 4-5 йиллаб битта имтиҳондан йиқилиб, курсдан курсга қолган талабаларни кўрдим. У ерда мана шунақанги билимсиз талабага баҳо қўйилмайди. Имконият эса фақат билимли одамга яратилади. Университет талабаларнинг илм маскани эканлигини ҳисобга олиб, барча имконият ва шароитлар талабалар учун бўлиши керак, деган қараш Гарвардда ўз тасдиғини топган.
Фикримча, бу нарсани биз ҳам қабул қилишимиз керак. Муҳтарам Президентимиз “Нажот илмда, нажот таълимда”, деяётганлари ҳам бежиз эмас. Ҳозирги кунда бизнинг олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири ёшларимизни билимли қилиб тарбиялашдир.
Самарқанд давлат университетининг жуда катта илмий салоҳияти бор. СамДУ да республика олий таълим муассасалари ичида биринчи бўлиш учун етарли даражада ўз соҳасининг профессионаллари жамланган. Биргина СамДУ виварий лабораториясини олсангиз, у Ўрта Осиёдаги ягона лаборатория ҳисобланади. Яна бир томони, ушбу лаборатория Гарвард университети виварийси билан рақобатлаша олади.
Биз ёшларимиздан фақатгина ўқишни, ўқитувчилардан сифатли ўқитишни талаб қиладиган даврга келдик. Энди фақатгина буни амалиёт билан кўрсатишимиз керак.
Келинг, бир мажозий фикрлашамиз. Ўртача мисол қилиб оладиган бўлсак, бир йилда Ўзбекистонда бир миллион бола туғилса, уларнинг ҳаммаси олтинга тенг миялар билан туғилади. Унинг генида Амир Темур, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Ал-Хоразмий, Бибихоним, Нодирабегимларнинг қони мавжуд. Энди эса биз шу болаларни яхши тарбия қилмаймиз, билим бермаймиз, қўй ўқима деймиз. Ёки улар бошқа шароит ва муаммолар билан машғул бўлиб қолади-да, бир миллион олтин мияларнинг ярмидан мосуво бўламиз. Биз ана шу шароит тақозоси ва бошқа сабаблар туфайли билим ололмай қолганларни ҳам ўқитишимиз керак.
Бугунги кунда “Нажот таълимда” деган шиордан келиб чиқиб, Ўзбекистон таълим тизимида катта ўзгартириш қилиш мумкин, деб ўйлайман. Ҳар бир киши ўз юрагида, ўз ишида барчаси илм учун, билим учун деб ҳаракат қилиши керак. Ёшларимизга Биринчи ва Иккинчи Ренессансдаги илмий муҳитни қайтариш учун бор имкониятларимизни ишга солишимиз лозим.
Агар ўзгариш инсонларнинг қалбида, юрагида бўлса, ана шунда ҳақиқий янгиланиш бўлади. Бунинг учун Ўзбекистонда барча шароитлар бор.
Энди бир тарихга назар ташлайлик, ўз даврининг алломалари ҳисобланган аждодларимизнинг барчаси қомусий олим бўлган. Улар фақат бир соҳа билангина чекланиб қолмаган. Яна бир тарафи, уларнинг барчаси адабиётга ошно, ижодкор олимлар бўлган. Ҳозир биздан фақатгина ўз соҳамизнинг мутахассиси бўлиш талаб қилинаяпти-ку. Шуни ҳам эплай олмасак, назаримда, уят бўлади, деб ўйлайман.
Хулоса сифатида шуни айтишим мумкинки, жўшқинлик билан, катта шижоат билан, барчамиз бир мақсад – таълимни ривожлантириш мақсадида жипслашиб ҳаракат қиладиган давримиз келди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Отабек Саъдуллаев ёзиб олди.