Самарқанд давлат университети филология факультети хорижий тил ва адабиёти (инглиз тили) йўналиши 311 гуруҳининг 11 нафар талабаси чет тили сертификатларига эга бўлди
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети филология факультети хорижий тил (инглиз тили) йўналиши 311 гуруҳнинг 11 нафар талабаси чет тилидан халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлди. Қувонарли томони шундаки, талабалар ушбу сертификатларга репетиторда ўқиб эмас, фан ўқитувчисининг дарс жараёнида берган билимлари орқали эришди.
- Талабаларни инглиз тилига қизиқтиришнинг энг биринчи йўли бу ёшларга мотивация беришдир, - дейди СамДУ инглиз тили кафедраси ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Шаҳноза Хушмуродова. – Ушбу гуруҳ талабаларининг энг катта ютуғи жамоа бўлиб, биргаликда ишлаганлари бўлди. Дарсимизни доимо сертификатларнинг бизга берадиган имкониятларидан бошлар эдик. Хусусан, халқаро ёки миллий сертификат олиш ҳозир ёшларга кўплаб имкониятлар эшигини очади. Биринчиси магистратура босқичига кириш бўлса, иккинчиси хорижнинг нуфузли университетларида ўз билимини янада оширишдир. Айниқса, талаба-қизларимиз ҳозир магистратурада грант асосида таҳсил олиш имкониятига эга бўлгани мени жуда ҳам қувонтирди. Ушбу сертификатларга эга бўлишларининг яна бир сабаби шундаки, мен уларга йўл қўйган хато ва камчиликларини айтиб беришим билан уни тузатишга ҳаракат қилишар эди. Иккинчи смена дарслар тугагандан кейин ҳам синфхона олдидан ўтсангиз улар доим бир-бири билан Speaking, Listening, Writing, Reading кўникмаларини ошириш устида ишлаётган бўларди. Натижаларимиз ёмон эмас. Талабалар CEFR дан Б2 ва IELTS дан ўртача 6.5 балл олишди.
- Инглиз тилига бўлган қизиқишим 5 синфлигимдан бошланган, - дейди СамДУ талабаси Олимжон Саидқулов. - Ўша вақтда “Ёшлар” телеканалида UZEX деган кўрсатув бўлар эди. Ўша кўрсатувдан инглиз тилини эшитиб, бу қайси тил экан, деган қараш менда ушбу соҳага бўлган қизиқишимни орттирган. Мен ҳозирги вақтгача бирорта репетиторга бормаганман. Ўзим мустақил инглиз тилини ўрганишга киришганман. Университетга ўқишга кирганимиздан сўнг эса ўқитувчимиз Шаҳноза Хушмуродова бизга бу борада ўзларининг билим ва кўникмаларини ўргата бошладилар. У киши дарсларни ниҳоятда жон куйдириб ўтар эдиларки, бунда ўқимасликнинг иложи йўқ эди. Устознинг кўрсатган йўл-йўриқлари ва камтарона меҳнатларимиз туфайли IELTS дан 7.5 балл олишга муваффақ бўлдим. Тил ўрганишда менинг бир нарсага ишончим комил бўлдики, доимо ҳаракатда ва изланишда бўлиш керак экан. Муҳими ҳеч қачон тўхтаб қолмасликда. Қолганини вақтнинг ўзи кўрсатади.
Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.