Самарқанд давлат университетида Самарқанд шаҳридаги маҳаллалар фаоллари билан “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди
Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Сенатор, Конституциявий комиссия аъзоси Рустам Холмуродовнинг мазкур мавзуга бағишланган фикр-мулоҳазалари мулоқот иштирокчиларини бефарқ қолдирмади.
Рустам Холмуродов янгиланаётган Ўзбекистонда маҳаллаларнинг ўрни ва вазифалари ҳақида тўхталар экан, мамлакат миқёсидаги ҳар бир масала аввало, маҳалладан бошланишини, шу сабабли, маҳалла халқни тўғри йўлга бошлай оладиган йўлбошчи бўлиши кераклигини таъкидлади.
– Маҳалла жамиятнинг асосий қисми, - дейди Самарқанд шаҳар “Меҳнат” МФЙ раиси Саидрасул Тўқсонов, - Бугунги мулоқот давомида Конституциямизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида атрофлича маълумот олдик. Жумладан, таҳрир қилинаётган қонун лойиҳасида 56-моддага фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан маҳаллалар фуқаролик жамияти асосини ташкил этишининг белгилаб қўйилганлиги маҳаллаларнинг жамият ҳаёти, мамлакат тақдирида қанчалик аҳамиятга эга эканлигининг яна бир ифодасидир. Олдимизга қўйилган эндиги вазифа қонун лойиҳаси билан фуқароларни ҳам яқиндан таништириш ва уларнинг фикр ва таклифларини олишдан иборат...
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.