Бугунги кунда дунёда ичимлик суви танқислиги энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Ичимлик сувининг асосий заҳираси ерости сувларига тўғри келади. Бироқ айнан ичимлик суви саноат технологияларида технологик сув сифатида ишлаб чиқаришга жалб этилмоқда. Жаҳонда бугунги кунда 25 миллион тоннадан ортиқ мис ишлаб чиқарилади. Унинг учун миллиардлаб тонна руда қазиб олинади ва у қайта ишланади. Фақат Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 2021-йили 35 млн тонна руда қазиб олинди ва флотация усулида майдаланиб бойитилди. Бу жараёнда ҳар бир тонна рудага ўртача 4.5-5.0 метр куб сув, жами йилига 160 миллион метр куб сув керак бўлади. 2027-йилга бориб фақат Олмалиқ КМК унумдорлиги 3 баробар ошиб, йилига 100 миллион тонна рудани қайта ишлашига тўғри келади. Демак бу даврга келиб ўртача 480 миллион метр куб сув йилига фақат Олмалиқ КМК учун керак бўлади.
Ўзбекистон Республикасида ичимлик ва суғориладиган сув танқислиги барчамизга маълум. Шундай экан ерости ва ерусти сувларидан унумли фойдаланиш, ерости сувларини излаб топиш керак бўлса, тоғ ён бағри ер ости сувларидан унумли фойдаланиш нафақат ҳозирги куннинг, балки яқин келажакнинг ҳам энг долзарб масалаларидан бўлиб қолаверади. Айниқса, Ўрта Осиёдаги энг йирик Қалмоққир кони ён бағридаги ерости сувлари турли кон ёриқларининг ва кўчкиларнинг ҳосил бўлишига олиб келади. Айнан ана шундай кон ерости сувларидан унумли фойдаланиш, уларни саноатга қўллаш борасида жуда кўп тадқиқотлар олиб борилган.
Оҳангарон дарёси ҳавзаси Ўзбекистонда саноати ривожланган регионлар қаторига киради ва Ангрен, Олмалиқ ҳамда Оҳангарон шаҳарлари ва ундан ташқари Ангрен кўмир кони, Янги Ангрен ИЕС ва Олмалиқ КМК нинг мавжудлиги Оҳангарон дарёси ҳавзасининг ер ости сувлари шаклланишида заҳираси, сув сифати ва ундан фойдаланиш масалаларини тадқиқ қилиш муҳимлигини яна бир бор тақозо қилади.
Бугунги кунда дунё мамлакатлари амалиётида ер ости сувлари режими ўзгаришини ўрганишга қаратилган илмий тадқиқот ишларини олиб бориш гидрогеология соҳасининг асосий илмий йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу жумладан, ерости сувларининг режими бузилиши кўпчилик мамлакатларнинг биринчи даражали муаммоларидан бири ҳисобланади. Жаҳоннинг кўпгина давлатларида сув сатҳини бошқариш тизими ва уларни такомиллаштириш бўйича муайян илмий тадқиқотлар ўтказилмоқда. Ер юзида ҳар бир ҳудуднинг гидрогеологик шароити ва ерости сувларининг режими турлича бўлганлиги сабабли уларга таъсир кўрсатаётган омилларни аниқлаш, баҳолаш ҳамда илмий асослаш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш муҳим аҳамиятга эга.
Олмалиқ КМК Ўзбекистон Республикасининг йирик саноат корхоналаридан бири бўлиб, бундан ташқари у экспорт қилинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Руда очиқ усулда қазиб олинади, кейин бу рудалар бўлиниб, майдаланади ва флотация усули билан бойитилади. Майдаланиш жараёни сувли эритмада амалга оширилади. Кейин эритма тўлиқ сувли муҳитда оқадиган бойитишга йўл олади. Йилига ўртача 35 миллион тоннадан ортиқ руда бойитиш фабрикаларида флотация усули билан қайта ишланади, комбинатнинг ўртача бир соатлик сув сарфи -21000 м³/с ни ташкил этади.
Олмалиқ-Оҳангарон саноат зонаси бой минерал-хомашё базасига эга, аммо сув ресурсларига камбағал.
Саноат ҳудудидаги сув ресурслари Оҳангарон дарёси ва ирмоқларининг ерусти ва ерости сувлари оқимлари билан ифодаланади. Оҳангарон дарёси ҳавзасида музликлар йўқ, шунинг учун ерости сувлари ҳосил бўлишининг асосий омили бўлган дарё оқими кўп жиҳатдан йилнинг намгарчилик даражасига боғлиқ. 10 йил ичида кам сувли йилларнинг такрорланиш даражаси (П > 50%) - 4-5 марта.
Оҳангарон дарёсининг тоғ оралиғидаги водийсида, юқори антропоген даври аллювиал ётқизиқлари ва сувни яхши ўтказувчи қатламлар билан чегараланган зонада ерости сувларининг катта миқдордаги заҳиралари ҳосил бўлган. Водийнинг Турк қишлоғидан Сирдарёгача бўлган қисмида ерости сув манбалари мавжуд. Сув қатламларининг қалинлиги водий бўйлаб 10 м дан 120 м гача ўзгариб туради.
Ерости сувлари заҳиралари, ерусти оқими ва ён томонлама шимилиш билан тўйинади. Улар ер юзасига сизиб чиқиш ва буғланиш билан сарф бўлади.
Минтақанинг иқлимий хусусиятлари ҳам ерости сувлари режимига таъсир қилувчи омиллардан биридир. 2020 йил январ-май ойларида ёғингарчиликнинг йиллик даражаси бир неча бор ошди. Денгиз сатҳидан 942 метр баландликда жойлашган Ангрен метеорологик постининг маълумотларига кўра, 2019 йил учун йиллик ёғингарчилик миқдори 580,3 мм ни ташкил этди, бу ўртача узоқ муддатли меъёрнинг (495,8 мм) 115,8 % ни ташкил этади. Оҳангарон дарёси ҳавзасида 2019 йил октябр ва 2020 йил март ойларида ёғингарчилик миқдори 435 мм, яъни меъёрнинг 124,8% и. Пастки зоналарда қорнинг нисбатан юқори даражада эриганлиги сабаби шундаки, март ойида Қурама ва Чотқол тизмаларида ҳаво ҳарорати меъёрдан 3-5°С га юқори бўлган. Бизнинг ўлчовларимиз ва тадқиқотларимизга кўра, ҳаво ҳарорати қуйидаги кўрсаткичлар билан тавсифланади: ўртача йиллик ҳарорат 17,5°С, меъёр 16,9°С (2018-2019 йилларда ҳаво ҳарорати ёзда 46°С га етган), энг совуқ 2018 ва 2019 йил феврал ойлари бўлган ва ўртача ойлик ҳарорат 2,6-3,5°С. Норма 1,6°С бўлган, энг иссиқ июл ва август (20 августгача) ва ўртача ойлик ҳаво ҳарорати 31,5°С ва 26,1° С (2019.). Ҳавонинг ўртача йиллик нисбий намлиги -54%, ҳавонинг энг юқори намлиги 76%, энг пасти июлда -29% кузатилган.
“Қалмоққир” ва “Ёшлик I” қўшма конлари Тошкент вилоятининг Пскент туманида, Олмалиқ шаҳрига яқин жойда, Қурама тоғ тизмасининг ғарбий ёнбағрида жойлашган. Маъмурий жиҳатдан кон ҳудуди Ўзбекистон Республикаси Тошкент вилоятининг Пскент туманига тегишли.
“Қалмоққир” ва “Ёшлик I” қўшма конлари “Олмалиқ КМК” АЖ ер участкасида жойлашган.
Кон ҳудудининг рельефи тоғолди, бироз тепаликли. Кон қияликларининг тиккалиги 10° дан 26° гача. Кон ҳудудида мутлақ баландликлар 540-820 м оралиғида ўзгариб туради, жанубий чиқиндихона ҳудудида улар 1000 м га етади.
Кон майдони қулай географик ва иқтисодий шароитларда, қайта ишлаш ва металлургия саноати ривожланган саноат ҳудудида жойлашган.
Ичимлик ва маиший ичимлик суви манбалари ерусти оқимлари ва Оҳангарон дарё водийсининг ерости сувлари ҳисобланади, ушбу сувлар Олмалиқ шаҳрининг барча саноат корхоналари ва аҳолисининг сувга бўлган эҳтиёжини таъминлайди. Маиший ичимлик суви таъминотини ташкил этиш учун Олмалиқ шаҳридаги “Сувоқова” МЧЖ тизимидан ва Кераучи сув олиш иншоотидан фойдаланилади. Саноат сув таъминоти манбалари 65 қудуқли гуруҳ ва бир қудуқли сув олиш пунктлари ҳисобланади.
“Ёшлик I” кони жануби-шарқдан Қалмоққир конига туташган бўлиб, 1954 йилдан бери очиқ карьерда қазиб олинмоқда. Коннинг шимоли-шарқида қуриб қолган Қўрғошинкон карьери (қўрғошин-рух рудалари) жойлашган. Ғарбдан кон Қалмоққир карьерининг Олмалиқсой устки қатламлари билан чегараланган.
Карьер ҳудудига сув босган Кўрғошинкон карьерининг яқинлиги юзага келиши мумкин бўлган хавфли геологик ва гидрогеологик жараёнларни ўрганиш ва олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни ташкил этишни таклиф қилади.
“Ёшлик 2” кони Қалмоққир карерига яқин жойлашган бўлиб, 2017 йилдан буён конни ишга тушириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу икки . “Ёшлик 2” ва “Қалмоққир” карьерларининг бир-бирига яқин жойлашувини инобатга олган холда, келажакда уларнинг очиқ конларини ишлатиш жараёнида карьерлар муқаррар равишда бирлашиши кутилмоқда.
“Олмалиқ КМК” АЖ конларида учта сув олиш иншооти мавжуд бўлиб, улардан иккитаси техник сув таъминоти учун, биттаси “Сувоқова” Олмалиқ шаҳрини ичимлик суви билан таъминлашга хизмат қилади. Олмалиқ шахридаги сув қудуқларининг умумий сони 53 та бўлиб, ўртача 23 та қудуқ ишламоқда, 29 таси захира режимида бўлиб, шундан 20 таси “Олмалиқ КМК” АЖ учун мўлжалланган.
Қорахитой участкасида икки гуруҳ сув олиш иншооти мавжуд. Сув қудуқларининг умумий сони 30 та бўлиб, улардан 18 таси ишламоқда, 12 таси эса захира ҳолатда.
Качар участкасида битта чизиқли сув олиш иншооти мавжуд бўлиб, у 13 та насос қудуқларидан иборат, уларнинг барчаси ишлайди.
Сув олиш иншоотларидан ташқари, Оҳангарон дарёси водийси бўйлаб 1-чиқиндихонанинг жануби-ғарбидаги ифлосланган сув оқимларини ушлаб туриш учун бир қатор насос қудуқлари жойлашган. Қўшимча сув олиш қудуқлари 1-Мис бойитиш фабрикаси ва 2-Мис бойитиш фабрикаси ҳудудидаги қайта ишлаш корхоналари ҳудудида ҳам жойлашган. Қалмоққир карьерининг сув тўплаш участкасидан чиқарилган сув технологик сув таъминоти ўрнини тўлдиради.
3-Мис бойитиш фабрикасига сув таъминоти мавжуд Қорахитой сув олиш иншоотидан, Ақчасойдан ва Янги Култепа участкасидан амалга оширилади. Мавжуд иккита сув олиш иншооти, мавжуд сув таъминоти тизимидан анча узоқда жойлашган. Сув олишни таъминлаш учун 83 та янги қудуқ ўрнатиш режалаштирилган.
Ушбу маълумотлардан хулоса қилиш мумкинки келажакда Оҳангарон дарёси ҳавзаси ҳудудида тоғ-кон саноатини ривожлантириш, экспортбоп махсулотлар сонини ва сифатини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш ҳажмини бир неча баробар ошириш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналиши ҳисобланади. Аммо сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳам муҳим вазифадир. Шундай экан ҳудудда гидрогеологик қидирув ишларини жонлантириш, янги-янги ер усти ва ер ости сув манбааларини аниқлаш, уларни фойдаланиш учун жалб қилиш, мавжудларидан оқилона фойдаланиш ҳам муҳимдир.
Азамат Фозилов,
Самарқанд давлат университети
география ва табиий ресурслар кафедраси
3-курс таянч-докторанти