Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаси долзарб аҳамият касб этаётган кунларда қишлоқ хўжалигида соф экологик ва табиий маҳсулотлар етиштириш жуда ҳам муҳимдир. Хусусан, юртимизнинг бир қатор вилоятларида сут беришда юқори даражадаги самарадорликка эга бўлган эчки зотларини аниқладик. Заанен ва оқ рус эчки зотлари ҳозирда Ўзбекистондаги зотдор сут берувчи эчки тури сифатида қайд этилди.
Олинган маълумотлар асосида, ушбу сут маҳсулотларини кўпайтириш орқали мамлакат аҳолисининг парҳез ва ҳаёти учун зарур бўлган барча компонентларни сақловчи, ҳавфсиз эчки сути билан таъминлаш муаммоси қисман бўлсада ўзининг ижобий ечимини топади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда маҳсулдорлик йўналиши бир хил, аммо яратилиш шароити ҳар хил бўлган зотларнинг ҳар биридан 10 бошдан танлаб олинди. Танланган эчкилар ёши, жинси, тирик массаси ва келиб чиқиши бўйича бир хилликга (аналог) эга бўлган индивидлардан иборат бўлди.
Қиёсий текширишлар натижасида ҳар иккала зот учун ҳам бир хил озиқланиш ва сақлаш шароитлари яратилди. Насл олиш учун ажратилган эчкилар гуруҳининг ҳар иккаласини боқишда деярли барча чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида қўлланилаётган озиқлантириш тартибидан фойдаланилди. Маълумки, ҳозиргача биронта илмий ёки амалий қўлланмаларда сутдор эчкиларни озиқлантириш нормалари йўқ. МДҲ мамлакатларида сут йўналишдаги эчкиларни озиқлантиришда момиқ ва жундор эчкиларни озиқлантириш нормаларидан фойдаланиб келинган, ҳозир ҳам шу усулдан йофдаланилади.
Ана шу нормаларга асосан, сут йўналишидаги турли физиологик ҳолатдаги она эчкилар учун куз ва қиш мавсумларида 0,70 (кўпайишнинг 1 даврида) дан 1,45 (кўпайишнинг 2-ярмида) гача энергетик озиқ бирлиги ва 70 г дан 145 г гача ҳазмланувчи протеин талаб қилинади. Шунга мос ҳолда, бошқа туйимли моддаларга:- алмашинувчи энергия, қуруқ модда, макро ва микроэлементларга бўлган эҳтиёжи ҳам ортади, яъни эчкилар организмининг туйимли моддаларга бўлган эҳтиёжи 2,0-2,5 мартага ортади. Шу боис, биз ҳам фермер хўжаликларида қўлланиб келаётган озиқлантириш нормасидан фойдаландик. Эчкиларни кун давомида далада ҳайдаб боқиш ва кечқурун 0,4 кг сомон ва янтоқ аралашмаси ва 0,25 кг бўғдой кепаги билан қўшимча озиқлантирдик.
Олинган маълумотларга кўра, заанен зотли эчкиларга нисбатан оқ рус зотли эчкилар яйлов озиқаларидан қиёсланаётган гуруҳлар орасида маълум миқдорда ортиқ озиқалар истеъмол қилиши кузатилди.
Куз мавсумида тоғ ва чўл яйловларида ҳақиқатда истеъмол қилинган озиқалар бўйича бу мавсумда эчкилар 0,58 энергетик озиқа бирлиги ва 57,9 г ҳазмланувчи протеин истеъмол қилишган, яъни ўзларининг тўйимли моддаларга бўлган эҳтиёжини нормага нисбатан 84-87% гагина қоплашган.
Қиш мавсумида тирик массаси 30-35 кг бўлган ва бўғозликни биринчи ярмида она эчкиларнинг организмини эҳтиёжларини қондириши учун 0,9-1,1 ЭОБ ва 105 г гача ҲП истеъмол қилишлари талаб этилган бўлса, ҳақиқатда истеъмол қилинган яйлов озиқалари билан 0,18 ЭОБ ва 23,8 г ҲП қабул қилишган. Айнан мана шу давр, бўғоз эчкилар ҳаётидаги энг қийин давр эканлигини таъкидлашимиз зарур, чунки яйлов озиқалари билан истеъмол қилинган озиқаларда 0,92 ЭОБ ва 81 г ҲП етишмаслиги аниқланди.
Юқорида келтирилганлар асосида шуни эътироф этишимиз мумкинки, эчкилар йил давомида(ёз мавсуми мустасно) қўшимча озиқаларсиз яйлов озиқалари билан озиқлантирилганида, ўзларининг организмини туйимли моддаларга бўлган талабини кузда- 15% га , қиш мавсумида эса - 82% га, баҳорда- 53% га қоплай олмайдилар.
Бундан ташқари истеъмол қилинган озиқалар таркибидаги протеин ва енгил ҳазмланувчи углеводларнинг меъёрдан кам бўлиши туфайли катта қорин массасидаги микроорганизмлар миқдори камайиб кетади. Бунга асосий сабаб, катта қорин суюқлиги муҳитининг кислотали томонга оғиши ва барча турдаги микроорганизмлар миқдорини камайишига олиб келди деб тушунтирамиз.
Микроорганизмлар томонидан амалга ошириладиган микробиологик ва биокимёвий жараёнлар натижасида синтезланадиган сутнинг таркибини ташкил қилувчи компонентлар маълум даражада қиёсланаётган эчкиларнинг сутдорлиги, кимёвий таркиби ва айрим сифатий хусусиятларига ўзининг таъсирини кўрсатиши аниқланди.
Биринчи лактация даврида назорат ва 2-тажриба гуруҳлари эчкиларини заанен зотига нисбатан яхшироқ ривожлангилигини кўрсатувчи фарқлар, уларнинг кескин ўзгарувчан ноқулай шароитда яратилганлигидан далолат беради.
Олинган маълумотларга кўра, сутнинг таркиби ва хусусиятлари ҳайвоннинг зоти, индивидуал хусусиятлари, лактация даври, яйловдан истеъмол қилинган озиқаларнинг тури, миқдори ва унинг таркибидаги тўйимли моддаларнинг ҳазмланиши, ўзлаштирилиши ҳамда катта қорин микроорганизмлари томонидан амалга оширилаётган жараёнлар ҳисобига синтезланаётган сутнинг компонентларига мос ҳолда сут маҳсулдорлиги, сифат кўрсаткичларини маълум даражада ўзгаришга учраши аниқланди.
Сирож Ҳайдаров,
Самарқанд давлат университети докторанти.