Бугунги кунда дунёда асосий трендга айланган тушунча бу IT. У бугунги кунда энг даромадли соҳа бўлиши билан бир қаторда, инсоният учун мисли кўрилмаган имкониятларни тақдим этмоқда. Жумладан, таълим тизимига IT кўникмалари ва у ёрдамида яратилган турли дастур ва тизимлар кенг миқёсда ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда жорий этилмоқда. Таълим тизимида энг асосий нарса бу - кўргазмалилик ва шу орқали ўқувчи-ёшларнинг билим олиши ҳамда уни амалиётда қўллаши учун Рақамли технологияларнинг самараси юқори эканлигини кўрамиз.
Мен ҳам 2019 йил июнь ойида дунёнинг етакчи универиситетларидан бири ҳисобланган Япониянинг Токио шаҳридаги Когакуин ва Соко университетларига “Sacura sciense” алмашинув дастури асосида боришга муяссар бўлдим. Ташрифдан ўз олдимга Япония таълимидаги инновацион технологиялар ва рақамли технологияларни ўрганиш, илмий тадқиқот олиб бораётган соҳам доирасида етакчи профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаолияти билан танишишни мақсад қилиб олгандим.
Япониядаги таълим муассасаларида фойдаланилаётган рақамли технологиялар тўғридан-тўғри ишлаб чиқариш билан интеграция қилинаётганлиги менда катта қизиқиш уйғотди. Токио университетларидаги илмий лабараторияларида бўлиб робототехника, сунъий интеллект, нейрон тармоқлари, машинали ўқитиш алгоритмлари асосида яратилган дастурий ва техник воситаларнинг таълим жараёнида хизмат қилаётганлигини ҳамда самарадорлиги юқори даражага олиб чиқилганлигини кўрдим. Ҳаттоки ушбу университетларда таълим тизимидаги бошқарув жараёни ҳам автоматлаштирилган.
Когакуин университетидаги барча аудиториялар эшигига “Participiant fingerprint and face recognation”, яъни дарсга қатнашувчиларни бармоқ изи ва юз шакли бўйича таниб олиш технологияси ўрнатилган. Ушбу технология ёрдамида дарсга кираётган талабалар ва ўқитувчиларнинг давоматини автоматик аниқлаш мумкин. Талабаларнинг давомати ҳеч қандай журнал ёрдамида олинмайди. Маъруза ўтиладиган аудиторияларда эса смарт доска, смарт минбар, овоз тақсимловчи колонкалар ва ҳар бир талабага кўриниб туриш учун 20-30 тагача 52 дюмли мониторлар - оралиқ масофаси яқин қилиб, хонанинг тепа қисмига ўрнатилган.
Бундан ташқари, лабораториялар энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Кимё, биология, физика, IT лабораториялари икки турга ажратилган. Биринчиси ҳақиқий жиҳозлар билан жиҳозланган бўлса, иккинчи лаборатория турида симуляторлар - виртуал лабаратория дастурларида ўқувчилар тажриба синов ўтказишлари учун имкониятлар яратилган.
Мени ажаблантирган нарса шундаки, Япония таълимида лаборатория шароитида яратилган ҳар қандай инновацияларни университет молиялаштиради ва ишлаб чиқаришда бевосита иштирок этади. Бунга мисол қилиб iPhone телефонлари батереясини сув ўтказмайдиган, бир неча тонна юк оғирлиги тушганда ҳам синмайдиган, заряд қувватини бир неча баробар кўп сақлайдиган ва нисбатан тезроқ заряд олиш имкониятига эга бўлган версияси тайёрланиб синовдан ўтказилётганини гувоҳи бўлдим. Бундан ташқари электроника ва сунъий интеллект лабораториясида ақлли робот тайёрланиб, унинг дастурий воситалари ёзилаётганини ва яна бир лабораторияда турли нуқталарига чип ўрнатилган костюм яратилиб ушбу чиплар ёрдамида масофали тарзда инсон юриши усуллари графиклари чизилаётгани ва ҳаракат траекторияларини чизиш ва таҳлил қилиш дастури яратилиб синовдан ўтказилётганилигини, тарих дарси эса 3D музей симулятор дастуридан фойдаланилган ҳолда ўтилаётганлигини кўрдим.
Мени энг қувонтирган ҳолат Сока университетида буюк бобомиз - Ҳазрат Алишер Навоийнинг 20 метрдан баланд бўлган ҳайкалини кўриш бўлди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, ҳозирда СамДУ рақамли технологиялари факултети ҳамда СамДУ да жойлашга Ёшлар технопарки ҳамкорликда турли янги лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Ўйлайманки, тез орада бу ўз самарасини кўрсатади..
Ибодулло Ҳимматов,
СамДУ математик моделлаштириш кафедраси докторанти.