Қишлоқ хўжалигида буғдой энг муҳим озиқ-овқат экинлари ҳисобланади. Дунё аҳолиси озуқа рационининг асосий қисмини дон ва дон маҳсулотлари ташкил этади. Айниқса, ўзбек халқи нонни кўп истеъмол қилади, шу жиҳатдан буғдой донининг ҳаётимиздаги ўрни ниҳоятда катта. Жаҳон экин майдонларининг 14% ни дон экин майдонлари эгаллайди. Озиқ-овқат савдосида дон маҳсулотлари 50% ни ташкил қилади. Шунга кўра жаҳон бозорида буғдой маҳсулотига талаб катта.
Шу сабабли буғдойни тез фурсатда етиштириб, кўп ҳосил олиш, буғдой унининг сифатини ошириш бўйича тадқиқотлар олиб бориш муҳим аҳамият касб этади. Самарқанд давлат университети биология факультети магистри Ўғилой Хидирова “Маҳаллий юмшоқ буғдой навларининг клейковина бўйича полиморфизми” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Илмий раҳбари генетика ва биотехнология кафедраси профессори Ибрагим Жабборов.
– Дунё бўйича буғдой етиштириш йилига 760 миллион тоннани ташкил этади, - дейди Ўғилой Хидирова. - 2030-йилга келиб бу кўрсаткич 850 миллион тоннага ошириш кутилмоқда. Шу муносабат билан бутун дунёда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини оширишга қаратилган селекция йўналишлари кенг тарқалмоқда. Бунинг учун кўп тадқиқотлар жаҳонда ҳам, юртимизда ҳам, тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда, деҳқончиликнинг мослашувчан тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш асосидагина буғдой донининг сифати сезиларли даражада ошишига эришиш мумкин. Шу боис, ҳосилдор, юқори дон сифат кўрсаткичларига эга бўлган, стрессли экологик шароитларга чидамли навларни яратиш учун бошланғич шаклларини ўрганиш, генетик манбаларни ажратиш ва чатиштириш дастурларида янги истиқболли буғдой навларини яратиш долзарб муаммо ҳисобланади. Буғдой қаттиқ ва юмшоқ турларга бўлинади. Юмшоқ буғдойлардан, асосан, нон тайёрланади. Қаттиқ буғдойлар макарон, кондитер саноатида фойдаланилади. Унинг унидан тайёрланган хамир зич, эластиклиги паст, эгилувчанлиги юқори, чўзилувчанлиги кам бўлади, клейковина ҳосил қилмайди. Буғдой дон сифатини яхшилаш муаммоси бозор иқтисодиёти шароитида муҳим аҳамиятга эга. Кучли буғдой донларидан сифатли нон маҳсулотлари олиш кўрсаткичи юқори бўлиб, доннинг сарфланишини камайтиради.
Одатда, буғдой дони оқсили протоидлар ва протоинлар шаклида боълиб, сифатли нон ва нон маҳсулотлари тайёрлашда катта рол ўйнайди. Буғдой дони сифатининг энг муҳим кўрсаткичларидан бири унинг таркибидаги оқсил ва клейковинадир. Сифатли нон тайёрлашда хамир чўзилувчанлигини белгиловчи биокимёвий бирикма клейковина ҳисобланади. Буғдой донининг кимёвий таркиби жуда ўзгарувчан. Унинг таркибидаги оқсил, клейковина, маъданли моддалар, витаминлар, пигментлар ва ферментлар иқлим, тупроқ ва солинадиган ўғитлар, қўлланиладиган агротехникага, навларига боғлиқ ҳолда ўзгариб туради. Дунё стандарти талабларида буғдой дони таркибида оқсил миқдори 13,5 % дан кам бўлмаслиги қайд этилади. Буғдой дони таркибидаги оқсил миқдори ундан қандай мақсадларда фойдаланишни белгилайди. Нон ёпиш учун дон таркибида 14—15 %, макарон маҳсулотлари тайёрлашлари учун 17—18 % оқсил бўлиши талаб этилади.
Одамлар учун асосий ўсимлик оқсили манбайи буғдой дони бўлиб, у кундалик озиқ-овқат ратсионида оқсилга бўлган эҳтиёжнинг 50 % ини қондиради. Ўзбекистоннинг лалмикор шароитида ўстирилган буғдойлар юқори қуёш энергияси ва самарали ҳарорат таъсирида кўп ва сифатли оқсил, клейковина тўплайди. Буғдой унининг нон ёпишга яроқлилик сифатларини аниқлашда ноннинг ҳажмига, ғоваклигига, ёйилиб кетишига таъсир қиладиган клейковинанинг миқдори ва сифати муҳим аҳамиятга эга. Буғдой бир нечта витаминлар, крахмал, оқсиллар ва ёғларнинг мувозанатини таъминлаганлиги сабабли, у ажойиб озуқа манбаи ҳисобланади. Буғдой нонидаги оқсилнинг ҳазм бўлиши 95 фоизни ташкил қилади. Буғдой дони, сомони ва похоли ем-хашак сифатида чорва молларига берилади. Буғдойни янчишдан чиққан чиқиндилар чорва моллари учун юқори сифатли озуқа ҳисобланади. Техникада буғдой донидан спирт, крахмал, клейковина, декстрин, клей ва бошқа ҳар хил маҳсулотлар олинади.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.