БМТ маълумотлари бўйича, инсоннинг нормал ҳаёт фаолияти учун бир кеча кундузда 20 литрдан ортиқроқ, санитария тизимларида ишлатиш учун яна 50 литр сув керак. Ҳозир дунёда 1,1 млрд киши бир кунда 5 литрга яқин сувдан фойдаланади, холос. Европа давлатларида эса ҳар бир киши бир кунда 200 литр, АҚШда 400 литр сувни ишлатиши факт сифатида келтирилган. Бу меъёрдан анча ортиқ дегани. 2025 йилга келиб, дунё бўйича 3 миллиард аҳолида сув танқислиги кузатилиши ҳисоблаб чиқилган. Бу вақтга келиб, уларга бир киши ишлатадиган сувнинг минимум миқдорига нисбатан кам сув тўғри келади. Ҳозир дунёда 261 та дарё ҳавзасида давлатлар жойлашган. Бу ҳудуд дунё дарё ҳавзаларининг 80 фоизини, ер юзининг эса 45,3 фоизини эгаллайди. Унда дунёнинг 40 фоиз аҳолиси истиқомат қилади.
Аҳоли сонининг кўпайиши билан иссиқ иқлимли ҳудудларда чўлланиш жараёни кучайиб бормоқда. Айни вақтда чўлланиш дунё миқёсида 100-200 миллион аҳолининг яшаш тарзига салбий таъсир кўрсатиб, яқин ўн йил ичида 50 миллиондан ортиқ аҳолини ўз яшаш жойларини ташлаб кетишга мажбур қилди. Ундан келадиган иқтисодий зарар эса 42 миллиард АҚШ доллари миқдорида баҳоланмоқда. Глобал иқлим ўзгариши бу жараённи ўзгартириб юбориши ҳам мумкин.
Бундан ташқари, ҳозирги вақтда дунё аҳолисини чўлланиш билан бир қаторда, чучук сувнинг етишмаслиги муаммоси ҳам ўйлантирмоқда.
20 га яқин дарё ҳавзаларидаги 50 дан ортиқ давлатларда сувдан фойдаланиш, уни тўғри тақсимлаш бўйича давлат раҳбарлари даражасида кескин мунозаралар мавжуд. Масалан, аҳолиси 70 миллиондан ортиқ бўлган Миср давлатининг иқтисодиёти тўлиқ Нил дарёсига боғлиқ. Ушбу дарёнинг дельтаси Мисрда жойлашган бўлишига қарамай, унга 90 фоиз сув дарёнинг юқори қисмида жойлашган Судан, Ҳабашистон ва Уганда давлатлари ҳудудидан келади. 1959 йилги битимга асосан, Миср давлати ҳар йили 55,5 миллиард м3, Судан 18,5 миллиард м3 сув олиши белгиланган. Ҳабашистон бу квотага норозилик билдириб сув тақсимотини қайта кўриб чиқишини талаб қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ўтган асрнинг 70-80 йилларида Амударё ва Сирдарёдан ҳар йили 74,1 км3 сув олган, шунинг 28,4 км3 Амударёга, 10,9 км3 Сирдарёга, 19,2 км3 ички кичик дарёларга, 12,6 км3 ер ости ва коллектор сувларига тўғри келган. Ҳозир Ўзбекистон олаётган суви 1980-йиллардаги миқдорнинг 79 фоизини ташкил қилади.
Қурғоқчилик йилларида Амударё ва Сирдарёдан сув олиш ҳажми 8-10 км3 га камаяди ва суғоришда 49,0 км3 миқдоригача сувдан фойдаланамиз. Сув танқислиги туфайли қурғоқчилик йилларида деҳқончилик ҳосилдорлиги анча камаяди.
Ўзбекистон ички дарёларининг ўртача кўп йиллик сув ресурслари 11,5 км3 бўлиб, бу республика сув эҳтиёжи умумий миқдорининг 18 фоизини ташкил қилади.
Сирдарё Ўзбекистон ҳудудида энг узун дарё бўлиб (2800 км), ҳавза майдони 345 минг км2, сув ресурслари эса ўртача 21,6 км3. Сирдарёнинг 45 фоиз суви Норин дарёсидан, 16 фоизи Қорадарёдан ва 39 фоизи ўнг ва чап ирмоқлардан келадиган кичик дарё ва сой сувларига тўғри келади.
Сирдарёнинг Норин ирмоғида Қирғизистон Республикаси ҳудудида Тўхтагул сув омбори қурилган. Унинг тўлиқ сув сиғими 19,5 км3 . У сув сиғими бўйича Ўрта Осиёда Или дарёсидаги Қапчиғой сув омборидан (Қозоғистон) кейин иккинчи ўринда туради. Собиқ Иттифоқ даврида қурилган бу сув омборининг вазифаси Фарғона водийси, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги ҳамда Қозоғистон ҳудудидаги суғориладиган ерларни сув билан таъминлаш, доимо заҳирада ортиқча сувни сақлаш ва қурғоқчи йилларда ушбу заҳирадаги сувларни суғоришга беришдан иборат эди.
Сирдарёдаги катта ҳажмдаги тоза чучук сувдан суғоришда фойдаланиш мақсадида Қозоғистон давлати Чордара сув омбори қуйи қисмида сув ҳажми 3,0 км3ли Кўксарой сув омбори қурилишини тугатиш арафасида. 2006 йилдан ҳозирга қадар Чордара сув омборидан Арнасой ботиғидаги сув ҳавзаларига кам миқдорда сув тушмоқда. Шу сабабли ҳам Айдар кўлига Сирдарё суви деярли тушмаяпти. Натижада Айдар кўли сув сатҳи кейинги 6 йил ичида 1,5-2,0 метр пасайган.
Амударё Ўрта Осиёдаги энг серсув дарё бўлиб, узунлиги 2540 км, майдони 309 минг км2. Унинг 74 фоиз суви Тожикистонда, 13,9 фоизи Афғонистон ва Эронда, 8,5 фоизи Ўзбекистонда шаклланади .
Ҳозирги пайтда Амударёнинг Вахш ирмоғида Норак ГЭСИ ва сув омбори мавжуд. Норак сув омборининг сув сиғими 10,5 км3 бўлиб, сув миқдори бўйича Тўхтагул сув омборидан кейин иккинчи ўринда туради. Норак сув омборининг энергетик режимга ўтиши Ўзбекистондаги сув таъминотига таъсир кўрсатиши мумкин. Сув кам бўлган қурғоқчил йилларда Амударёдан келадиган сув 5,0-6,0 км3 камаяди. Ўзбекистон ва Туркманистон Республикаларидаги бир неча миллион гектар суғориладиган ерларда сув етишмаслигини келтириб чиқариши мумкин. Агарда Роғун сув омбори ишга туширилса, унинг сув сиғими Норак сув омборидан ҳам катта бўлиб 12,4 км3 ни ташкил қилади. Ушбу сув омборлари ҳисобига вегетатсия даврида сув камайиши 22,2 фоизгача, қурғоқчилик йилларида эса 30-40 фоизга етади. Вахш дарёсида Норак ва Роғун ГЭС ларидан ташқари Сангтўда, 1-2 та ГЭС ларини қуриш ва Норин дарёсидаги сув омборлари сув сиғимини 25 км3 га етказиш лойиҳалари бор. Шу билан бирга Амударёнинг энг катта ирмоғи ҳисобланган Пандж дарёсида Рушан, Даштижум, Юқори Амударё ва бошқа ГЭС лар ва сув омборларини қуриб 39,0 км3 сувни тўплаш ва улардан электр энергия ишлаб чиқариш лойиҳалари бор.
Амударё сувидан максимал даражада фойдаланиш қўшни Афғонистон давлати режасида ҳам бор. Амударёнинг чап қирғоғи бўйлаб бир неча юз километр масофада чегарадош Афғонистон ҳудудидан Қундуз ва бир нечта майда дарёлар ўз сувини Амударёга қуяди. Қундуз дарёсининг суви Амударё йиллик сув ҳажмининг 8 фоизини ташкил қилади. Собиқ Иттифоқ даврида 1958-йилда имзоланган битимга асосан, Афғонистон давлати Панж ва Қундуз дарёлари ва бошқа баъзи ирмоқ сувларидан ҳар йили 9 км3 гача ҳажмдаги сувдан фойдаланиш мумкинлиги кўрсатилган. 9 км3 сув Амударё йиллик сув оқимининг 10 фоизини ташкил қилади. Ҳозир Афғонистон давлати ҳаммаси бўлиб йилига Амударёнинг 2 км3 сувидан фойдаланмоқда.
Юқорида келтирилган фактлардан шу нарсалар аниқ кўриниб турибдики, Ўзбекистонда сув муаммоси йилдан-йилга кучайиб бориши мумкин. Биз Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари билан ўзаро келишилган квотадаги сувни олганимизда ҳам янги ерларни суғориш учун ўзлаштира олмаймиз, чунки улар ҳозирги суғорилаётган 4 миллион 220 минг гектор ерларни суғоришга ва халқ хўжалигининг бошқа тармоқларини таъминлашга сарфланади.
Келажакда Республикамизда сув таъминотини яхшилаш, мавжуд сув ресурсларини оқилона ва тежамкор фойдаланиш, илмий асосланган янги технологиялар базасида ташкил қилиниши керак. Биринчи навбатда, ҳозирги суғориш тизими модернизатсия қилиниб, сувни йўқотиш ҳолатларини кескин камайтириш йўлларини амалга ошириш зарур. Мутахассислар маълумотлари бўйича сув манбаларидан каналлар, ариқлар орқали суғориш даласига қадар етиб борганча сувнинг 25 фоиздан 40 фоизгача йўқотилади .
Бу йўқотиш канал, ариқларда ерга сингиш (филтратсия), буғланиш, оқиб кетиш ва бошқа йўллар билан рўй беради. Суғориладиган экин далаларидан зовурлар, коллекторлар орқали катта миқдордаги сув чиқарилади. Уларнинг миқдори йилига 28,0-33,0 км3 ни ташкил этади. Бу суғоришда ишлатилаётган сувнинг ярмидан кўпроқдир. Ушбу коллекторлар орқали чиқадиган оқова сувлар туфайли дарёлар делталари атрофларида юзлаб катта-кичик кўллар ҳосил бўлди. Ушбу коллекторлар орқали чиқариладиган сувларнинг шўрлиги 4 г/л дан 12 г/л гача бўлиб улар суғоришга яроқсиз ҳисобланади. Лекин, ушбу катта миқдордаги сувларнинг тузларини камайтириш, яъни чучуклаштириш технологиясини ишлаб чиқиш энг катта муаммо ҳисобланади. Агарда шўр оқова сувларни чучуклаштириш технологияси келтирилса ёки ишлаб чиқилса, ушбу сувлардан суғоришда фойдаланиш билан яна 2 миллион гектар ерларни ўзлаштириш истиқболлари очилади.
Ҳозир рўй бераётган глобал иқлим ўзгаришлари музликларнинг кўпроқ эришига, оқибатда музликлардан доимий қорлардан бошланадиган дарёлар сувларининг келажакда анча камайиши мумкинлиги тўғрисидаги фикрлар кўплаб учрамоқда. Сувдан фойдаланишда ушбу жараённи инобатга олиб, иқлим ўзгаришига мослашиш йўлларини ҳозирдан кўришимиз керак.
Трансчегаравий дарёлар сувларидан фойдаланишнинг асосий ечими-халқаро ҳуқуқий нормаларга риоя қилиш, қўшни давлатларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда ўзаро келишув битимларига асосланган бўлиши лозим.
Элмурод Улуғмуродов,
Самарқанд давлат университети докторанти.
Илмий раҳбари – география фанлари доктори, профессор Али Абдулқосимов.