Чўл-яйлов чорвачилиги мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқаришида салмоқли ўринни эгаллайди. Бир неча асрлар давомида чўл яйловлари анъанавий чорва молларини боқиш учун юқори сифатли ем-хашак етказиб берувчи экотизим бўлиб хизмат қилди. Унинг барқарор ривожланишини таъминлаш озиқ-овқат хавфсизлиги ва халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлаш омилларидан бири ҳисобланади.
Чўл-яйлов чорвачилигида табиий яйловлар асосий озуқа манбаи ҳисобланади ва улардан йилнинг барча фаслларида фойдаланиб келинади. Мамлакатимизда мавжуд чўл яйловларининг бугунги ҳолатини, афсуски, яхши деб бўлмайди. Тизимсиз ва тартибга солинмаган боқиш натижасида вужудга келган ҳозирги вазиятни ҳисобга олган ҳолда ушбу муаммо бугунги кунда энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Шу сабабли, ҳозирги пайтда чорва молларини боқиш ва унинг оқибатлари билан боғлиқ тадқиқотларга катта эътибор берилмоқда. Яйловлардан тартибсиз фойдаланиш, чорва молларини мунтазам боқилиши оқибатида инқирозга учраган. Чўл яйловларида ўсимликлар қопламининг кескин ўзгариш ҳолатларини ушбу ҳудуларда кам истеъмол қилинадиган, зарарли ва заҳарли турларнинг кўпайиб бораётганлиги мисолида кўриш мумкин. Бу эса яйловларнинг ҳосилдорлигини пасайтириш билан биргаликда чорва моллари яхши ейдиган табиий ўсимликларнинг кескин камайиб боришига ва сув режими хусусиятлари бузилиши оқибатида чўлланиш жараёнларининг кучайишига олиб келмоқда. Чўлланган яйлов типларида барқарор ва ранг-баранг турлар йўқолиши чорва молларини боқиш учун яроқсиз бўлган очиқ ялангликлар пайдо бўлади. Таҳлилларга кўра, ҳозирги кунга келиб мамлакатдаги яйлов майдонларидан 16,4 миллион гектари (78 %) инқирозга учраган, 20 % дан ортиқ майдондаги яйлов ва пичанзорда ўсимликлар турлари сони камайиб, маҳсулдорлик 2 баробарга қисқарган. Яйловлардан тартибсиз фойдаланиш нафақат ўсимликлар қопламининг сийраклашишига сабаб бўлмоқда, балки флорамиз хилма-хиллигига ҳам жиддий хавф солмоқда. Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоби»га киритилган жами ўсимлик турларининг қарийб 40% бевосита чорва молларининг тартибсиз ҳамда ҳаддан зиёд боқилиши оқибатида флорамиз таркибидан йўқолиб бораётганлиги ачинарли ҳолдир.
Ўсимликлар жамоаларининг барқарорлиги ва маҳсулдорлигининг пасайиши тобора долзарб бўлиб бормоқда. Бу каби ҳудудларга Қарнобчўл табиий яйловларини киритиш мумкин.
Сўнгги йилларда, мамлакатимиз ҳудудида кескин тус олиб бораётган яйлов инқирози ва чўлланиш муаммоларини олдини олиш ва уни бартараф қилиш масалалари ҳукуматимиз аграр соҳаси олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Инқироз даражаси тобора ортиб бораётган бир шароитда республика яйловларининг ҳозирги ҳолатини аниқлаш ва шу асосда улардан оқилона фойдаланиш йўлларини ишлаб чиқиш энг долзарб ва мураккаб масалалардан бири саналади. Яйлов фитосенозларининг экологик ва физиологик жиҳатдан ўрганиш яйловлар ҳолатини боҳолашда муҳим ҳисобланади. Чунки ҳам экологик, ҳам физиологик ўзгаришлар ўсимликларнинг яшовчанлигига, яйлов биомассасининг миқдори ва сифатига таъсир қилади. Ўсимликларнинг атроф-муҳитга экологик, ҳам физиологик таъсирини билиш ўсимликларнинг антропоген омилларга қандай муносабатда бўлишини тушуниш учун асос бўлади.
Шуҳрат Валиев,
Самарқанд давлат университети докторанти.
Илмий раҳбари - биология фанлари номзоди, доцент Тошпўлот Ражабов.